Евроосиёнинг қоқ юрагида янги архитектура: Иссиқкўл саммитининг сиёсий ва стратегик аҳамияти
Жаҳон миқёсида глобал ўзгаришлар ва шиддатли интеграция жараёнлари кечаётган бугунги кунда қудратли янги макроминтақанинг шаклланиши барчамизнинг кўз ўнгимизда рўй бермоқда.

Замонавий дунёнинг чақириқлари ва янгиланиш тенденциялари давлатлараро муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришни талаб этмоқда. Иссиқкўл соҳилларида бўлиб ўтган Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг норасмий Маслаҳат учрашуви ана шу глобал янгиланишлар даврининг энг муҳим ва рамзий сиёсий воқеаси сифатида тарихга кирмоқда.
Минтақа давлатлари яқин вақт ичида ўз мустақиллигининг 35 йиллик байрамларини нишонлаш арафасида турибдилар. Шу йиллар мобайнида ҳар бир мамлакат давлатчиликни шакллантириш, иқтисодий ўсиш ва миллий тикланишнинг ўзига хос ҳамда бетакрор йўлини босиб ўтди.
Илгари кўпинча бир-биридан узилган, мулоқотда чекланишлар мавжуд бўлган Марказий Осиё бугунги кунга келиб биргаликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида тараққиётнинг умумий мақсадлари йўлида бирлашмоқда. Бугунги мураккаб ва олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган халқаро воқелик эса давлатлардан янада қатъият билан ҳаракат қилишни, ташқи зарбаларга қарши биргаликда тура олишни талаб этмоқда.
Учрашувнинг энг муҳим жиҳатларидан бири – Озарбайжоннинг Маслаҳат учрашувлари форматига қўшилишидир. Бу қадам ўзаро ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги макроминтақавий даражага олиб чиқмоқда. Эндиликда Марказий Осиё, Жанубий Кавказ ва яқин қўшни бўлган Афғонистонни бирлаштирувчи ягона тараққиёт маконини шакллантириш учун тарихий имкониятлар эшиги очилмоқда. Ушбу улкан геосиёсий ва иқтисодий имкониятдан тўлиқ фойдаланиб, Евроосиёнинг қоқ юрагида барқарор ривожланиш, ўзаро боғлиқлик ва яхши қўшничилик учун пухта пойдевор яратиш – бугунги куннинг кечиктириб бўлмайдиган вазифасидир.
Минтақавий ҳамкорликнинг барқарор архитектурасини шакллантиришда Ўзбекистон етакчиси таъкидлаганидек, саммит ва учрашувларнинг самарали институтларини яратиш, тармоқ идораларининг яқин ва узлуксиз муносабатларини йўлга қўйиш, ҳудудлар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни жадаллаштириш ҳамда ривожланишнинг асосий йўналишларида узоқ муддатли қўшма дастурларни ҳаётга татбиқ этиш каби муҳим тамойилларга таяниш лозим.
Шу билан бирга, минтақамизнинг халқаро субъект сифатидаги мақомини янада мустаҳкамлаган ҳолда, давлатлараро ташкилотлар ва “Марказий Осиё плюс” форматлари доирасида ўзаро мувофиқлаштирувни кучайтириш ғоят муҳим аҳамият касб этади.
Бугун замонавий дунё илм-фан, рақамлаштириш ва технологияларсиз тараққиётни тасаввур этиб бўлмайдиган даражага етди. Шу боис савдо-иқтисодий ва транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш, узлуксиз саноат-технологик занжирларни кенгайтириш ва инвестиция платформаларини ишга тушириш устувор вазифадир.
Ўзбекистон етакчиси Марказий Осиёни таълим, илм-фан ва катта маълумотлар (Big Data) соҳасида инновациялар бўйича рақобатбардош хабга айлантириш ғоясини илгари сурди. Бунга эришиш учун кадрлар салоҳияти, сунъий интеллект технологиялари, замонавий дата-марказлар ва энергетика қувватларини бирлаштирган яхлит инфратузилмани барпо этиш лозим.
Бошқа томондан, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масаласи ҳар доим минтақавий кун тартибининг марказида бўлиб келган. Жорий йил ёзнинг аномал даражада иссиқ келиши, иқлим ўзгариши шунчаки абстракт тушунча эмас, балки иқтисодиётга, сув ва энергетика хавфсизлигига, одамларнинг саломатлиги ҳамда ҳаёт сифатига бевосита таҳдид солаётган омил эканини кўрсатди. Чегара билмас бундай табиий хавф-хатарларга қарши фақат ва фақат биргаликда мослашиш ва узоқ муддатли, илмий асосланган ечимларни топиш орқалигина барқарорликни сақлаб қолиш мумкин.
Шунингдек, иқтисодий ва сиёсий лойиҳалар қанчалик муҳим бўлмасин, давлатларни чинакам яқинлаштирадиган куч, бу – халқлар ўртасидаги асрий гуманитар алоқалардир. Минтақа халқлари асрлар давомида ёнма-ён яшаган, умумий маданий қадриятларни асраб-авайлаган, илм-фан ва билим алмашишган. Бугунги кунда ҳамкорликнинг чуқурлашуви натижасида жамиятларимизда ҳамжиҳатлик туйғуси янги босқичга кўтарилмоқда.
Ҳар бир халқнинг ўзига хос миллий ўзлиги тўлиқ сақланган ҳолда, босқичма-босқич умумминтақавий ўзига хослик шаклланиб бормоқда. Бу эса келажак авлодлар учун мустаҳкам маънавий пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Умуман олганда, Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг норасмий учрашуви глобал ўзгаришлар даврида минтақалараро ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарувчи тарихий воқеа бўлди.
Давлатлар ўртасидаги институционал механизмларни мустаҳкамлаш ва асрий гуманитар ҳамжиҳатликни чуқурлаштириш Евроосиёнинг қоқ юрагида барқарор тараққиёт ва яхши қўшничилик маконини яратиш учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Гулнорахон АБДУВОҲИДОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси.
ЎзА