Ер усти метроси остидаги бўш ерлар халқ ва тадбиркорлар манфаати учун ишламоқда
Президент ташрифидан сўнг...
Ер усти метроси. Шиддат билан ўтаётган замонавий вагонлар Тошкентга ўзгача бир мегаполис руҳини бағишлайди. Темир йўлларнинг олис-олисларга элтувчи шитоби ва вагонларнинг сузувчи ҳаракати бугун Сергели туманининг чинакам ташриф қоғозига айланиб улгурди.
Энди бир лаҳзага нигоҳимизни пастга қаратайлик. Шу улкан бетон устунлар остидаги бўшлиқни кўз олдингизга келтиринг. Одатда, бундай жойлар шаҳарсозликда энг қаровсиз, чанг-тўзон ва чиқинди босадиган, тунда эса зулматга чўмиб, одам юришга қўрқадиган кимсасиз ҳудудга айланиши ҳеч гап эмас эди.
Қувонарлиси, бугун пойтахтда бу бўшлиқларнинг қиёфаси бутунлай ўзгача манзара касб этди. Ҳозир бу ерда одамлар гавжум, йўлакларда болалар кулгиси янграйди. Тадбиркорликнинг ҳақиқий ҳаёти қайнамоқда.
Замонавий шаҳарсозликда мавжуд инфратузилмадан оқилона фойдаланиш, ҳар бир қарич ерни иқтисодиёт ва жамият учун фойдали қилиш жуда муҳим ташаббусдир. Шу маънода, Тошкент ер усти метро йўналишларининг остки қисмини обод қилиш лойиҳаси шаҳар ҳуснига ҳусн қўшмоқда. Яна бир муҳим жиҳати аҳоли, бизнес ва давлат учун бирдек манфаатли бўлган ноёб тизим яратилмоқда.
Бу тизимли жараёнлар ўз-ўзидан ёки бир кунда бошланиб қолгани йўқ. Эътибор берсак, 2016 йил 29 ноябрда давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори қабул қилиниб, пойтахтимиз транспорт коммуникациясини тубдан ўзгартирган улкан лойиҳага асос солинган эди. Бу улкан лойиҳанинг бориши давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида бўлди ва ер усти ҳалқа метро линияси босқичма-босқич амалга оширилди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, бекатлар миллий колорит асосида, ўзига хос дизайнда қурилди. Йўловчиларга қулайлик яратувчи замонавий технологиялар, йўл ҳақини электрон тўлаш имконини берувчи турникетлар ва эскалаторлар билан жиҳозланди.
Ўшанда бу лойиҳа Сергели тумани аҳолиси учун жуда катта янгилик ва қувонч бўлган эди. Боиси, ҳудудда йўл инфратузилмаси билан боғлиқ муаммолар кўп эди. Аҳоли бир пайтлар шаҳар марказига қатнаш чинакам азоб бўлганини кўп эслашади.

Кейинги йилларда туманни бошқа ҳудудлар ва шаҳар маркази билан боғлайдиган 9 километрлик йўл, 8 та станциядан иборат янги метро линияси бунёд этилди. Бугунги кунда Сергелида 236 минг нафарга яқин аҳоли яшаётган бўлса, яқин йилларда бу кўрсаткич 300 минг нафардан ошиши кутилмоқда. Бу жуда катта рақам бўлиб, аҳолининг бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини яратиш бўйича доимий равишда тизимли ва ноанъанавий ишларни амалга оширишни тақозо этади.
Давлатимиз раҳбари яқинда Сергели туманидан ўтувчи ер усти метро йўналишининг остки қисмида ташкил этилган савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари фаолияти билан танишди. Бу борадаги ишларни янада кенгайтириш бўйича топшириқлар берди.
– Амалга оширилаётган ушбу лойиҳанинг энг муҳим жиҳати шундаки, унда иқтисодий наф ва ижтимоий манфаатлар ўзаро мутаносиб равишда ифода этилади, – дейди Сергели тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Акмал Жумабоев. – Агар ўз вақтида тўғри эътибор қаратилмаганида, бу жойлар шунчаки бўш ва қаровсиз ётаверарди. Бугун эса 5,7 гектарлик улкан ҳудуд тубдан янгиланиб, бу ерда ҳозиргача кўплаб янги тадбиркорлик субъекти иш бошлади. Натижада хусусий сектор кенгайиб, соғлом рақобат муҳити яхшиланмоқда. Энг қувонарлиси, ушбу субъектлар негизида 250 та янги иш ўрни яратилди. Бу шу атрофдаги ишсиз фуқаролар ва ёшларнинг ўз уйи яқинида доимий даромад манбаига эга бўлаётганини англатади.
Давлат бу ерда тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш ва одамларнинг ташрифи учун хавфсиз шароит яратиш мақсадида тизимли муҳандислик-коммуникация ишларини мукаммал бажариб берди. Масалан, лойиҳа доирасида битта янги алоҳида трансформатор ўрнатилиб, 4 километр узунликдаги электр тармоқлари тортилди. Бу эса савдо нуқталарининг узлуксиз ишлашини, ҳудуднинг хавфсиз ва ёруғ бўлишини таъминлайди. Шунингдек, санитария-гигиена талабларига тўлиқ жавоб берадиган замонавий экотизим юзага келиши учун 2 километр ичимлик суви ва канализация тармоғи ҳамда атрофни яшнатиб туриш учун 1 километр суғориш тармоғи барпо этилди.
– Метро остида параллел равишда барпо этилган пиёдалар ва велосипед йўлаги аҳоли учун соғлом турмуш тарзини тарғиб қилувчи ҳақиқий масканга айланди, – дейди ҳудуд фаоли Қосим Муҳаммаджонов. – Шунингдек, ташкил этилган болалар майдончалари ҳамда спорт зоналари соғлом муҳитни янада мустаҳкамламоқда. Аҳолининг мазмунли ҳордиқ чиқариши, қўшнилар билан дилдан гурунглашиши учун ҳудудга жуда кўплаб қулай ўриндиқ ўрнатилди. Атрофга ўзгача кўрк бағишловчи замонавий чироқлар жойлаштирилди. Бундай шинам муҳит одамларнинг кундалик кайфиятига ижобий таъсир кўрсатяпти. Бу ишлар маҳалладошлар ўртасида жипслик, меҳр-оқибат ва ўзаро тотувлик туйғусини кучайтиради.
Давлат ва бизнеснинг бундай ҳамкорлиги қандай механизм асосида ишлаши кўпчилик учун қизиқ бўлиши табиий. Давлат раҳбари раислигида Тошкент шаҳри, хусусан, Сергели туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида айнан мана шу тажриба ҳам атрофлича таҳлил қилинди.
Унга кўра, давлат ердан фойдаланиш ҳуқуқини шаффоф тарзда аукционга чиқаради. Тайёр лойиҳа ва инфратузилмасини ҳозирлаб беради. Қолган инвестиция киритиш ишларини эса тадбиркорларнинг ўзлари амалга оширади. Бу тажрибанинг келажаги ва истиқболи жуда катта.

Ҳисоб-китобларга кўра, биргина Сергелида метро линиясининг яна 8,5 километр қисмида шундай ишлар якунига етказилса, яна 137 та савдо-сервис объекти очилади. Бу эса 1-1,5 мингта янги иш ўрни яратилишига хизмат қилади.
Энг муҳими, туман бюджетига қўшимча тушум миқдори ортади. Агар бу муваффақиятли тажриба кенг ёйилиб, ер усти метро линиясининг Яшнобод, Сергели ва Янгиҳаёт туманларидан ўтган жами 23 километрлик ҳудудида тўлиқ амалга оширилса, яна 400 та тадбиркор ўз бизнесини бошлайди. Натижада 3 мингта янги, доимий иш ўрни яратилиши мумкин бўлади.
Бу лойиҳа шаҳар ичидаги ички имкониятларни ишга солиш орқали, бошқа мақсадлар учун ажратилган янги ер майдонларини банд қилмасдан туриб ҳам қўшимча қиймат ва иш ўринлари яратиш мумкинлигини амалда исботламоқда. Метро ости майдонларидан фойдаланиш давлатга қўшимча солиқ тушумлари ва бандлик муаммосини ечиш воситаси бўла олади. Тадбиркорга эса тайёр муҳандислик тармоқларига эга бўлган гавжум ва даромадли бизнес майдонини яратади. Халқимиз учун бўлса уйининг ёнида хавфсиз ва чароғон дам олиш масканларига эга шинам яшаш муҳити пайдо қилмоқда.
Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзA мухбири