Ер участкаси ижара шартномасини узайтириш тартиби тасдиқланди
Ер муносабатлари соҳасида давлат хизматларини янада такомиллаштириш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида муҳим ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 18 майдаги 255-сон қарорига мувофиқ, ер участкасининг ижара шартномасини янги муддатга узайтириш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.
Янги тартибга кўра, мазкур давлат хизмати ижарачи ёки унинг ишончли вакили мурожаати асосида кўрсатилади. Фуқаролар ва тадбиркорлар мурожаатларни Давлат хизматлари марказлари орқали ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон шаклда юбориш имкониятига эга.
Регламентга мувофиқ, хизматдан фойдаланиш учун фақат икки турдаги ҳужжат талаб этилади. Булар — аввал расмийлаштирилган ер участкасининг ижара шартномаси ҳамда мурожаат вакил орқали амалга оширилганда тегишли ишончнома.

Муҳим жиҳатлардан бири шундаки, Давлат хизматлари марказлари томонидан мазкур рўйхатда назарда тутилмаган бошқа ҳужжатларни талаб қилиш қатъиян тақиқланади. Бу эса аҳоли ва тадбиркорларни ортиқча оворагарчиликдан халос этади.
Шунингдек, давлат хизматини кўрсатиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 фоизи миқдорида йиғим ундирилиши белгиланган. Аризаларни кўриб чиқиш тартиби, хизмат кўрсатиш муддатлари ҳамда рад этиш асослари ҳам аниқ белгилаб қўйилди.
Мазкур тартибнинг жорий этилиши ер муносабатлари соҳасида давлат хизматларининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ҳамда фуқаролар учун хизматлардан фойдаланиш жараёнини янада енгиллаштиришга хизмат қилади.
Янги регламент ер участкаси ижара муносабатларини тартибга солиш, давлат хизматларини рақамлаштириш ва аҳолига қулайлик яратиш йўлидаги навбатдаги муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА