“Энг яхши ёш китобхон” танловининг округ босқичи ўтказилди
Қорақалпоғистонда Шимоли-ғарбий ҳарбий округда ҳарбий хизматчилар ўртасида китобхонлик маданиятини кенг тарғиб этиш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, мустақил фикрлаш кўникмаларини ривожлантириш ҳамда маънавий-маърифий муҳитни янада мустаҳкамлашга қаратилган “Энг яхши ёш китобхон” танловининг округ босқичи ўтказилди.
Танловда ҳарбий қисмларда ўтказилган саралаш босқичларида энг юқори натижаларни қайд этган, китобга меҳр ва мутолаага садоқатини амалда намоён этган ҳарбий хизматчилар иштирок этди. Интеллектуал беллашув учта шарт асосида ўтказилиб, унда иштирокчилар ўз билим ва салоҳиятини ҳар томонлама намойиш этди.
Мусобақа давомида иштирокчилар ўзбек ва жаҳон адабиётининг нодир дурдоналари, буюк адиб ва мутафаккирлар ижоди, асарлардаги қаҳрамонларнинг ҳаётий қарашлари, уларнинг инсон камолоти ва ватанпарварлик руҳини шакллантиришдаги ўрни, шунингдек, бугунги кунда миллий маънавиятимизни юксалтириш йўлидаги аҳамияти юзасидан берилган мураккаб саволларга жавоблар берди. Ҳар бир чиқиш китоб мутолааси инсон тафаккурини чархлаши, қалбини эзгулик билан бойитиши ва ҳарбий хизматчининг маънавий қиёфасини юксалтиришдаги беқиёс ўрнини яна бир бор намоён этди.
Танлов нафақат билимлар беллашуви, балки китобга муҳаббат, маърифатга интилиш ва юксак маънавият тантанасига айланди. Унда иштирок этган ҳар бир ҳарбий хизматчи мутолаа орқали эришилган билим ва ҳаётий тажрибанинг чинакам куч эканини ўз чиқишлари билан исботлади.
[gallery-30465]
Тадбир якунида танлов ғолиблари ва фаол иштирокчилар Шимоли-ғарбий ҳарбий округи қўшинлар қўмондони номидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тантанали равишда тақдирландилар. Фахрли биринчи ўринни қўлга киритган ҳарбий хизматчи эса вазирлик босқичида Шимоли-ғарбий ҳарбий округи шарафини муносиб ҳимоя қилиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Юрт ҳимоячисининг қўлида қурол қанчалик муҳим бўлса, унинг қалбида китобга бўлган муҳаббат ҳам шунчалик беқиёс аҳамиятга эга. Зеро, маърифатли аскар Ватан таянчи, китобхон ҳарбий эса юрт тинчлиги ва тараққиётининг ишончли кафолатидир. Бундай маънавий-маърифий тадбирлар ҳарбий хизматчиларни билимли, тафаккури теран, дунёқараши кенг ва Ватанга чексиз садоқат руҳида камол топган баркамол шахслар этиб тарбиялашга хизмат қилмоқда.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари