Янги муҳит, юксак масъулият ва ташаббускорликка асосланган тараққиёт
Президентимиз раислигида маҳаллаларга янги муҳит олиб кириш ҳамда “маҳалла еттилиги” фаолиятини янгича ташкил этиш масалаларига бағишланган видеоселекторда белгилаб берилган вазифалар маҳалла тизимини ривожлантиришнинг мутлақо янги босқичини бошлаб берди. Энг муҳими, маҳалла фақат аҳоли мурожаатларини қайд этадиган ёки мавжуд муаммоларни юқори ташкилотларга етказадиган тузилма эмас, балки ўз ҳудудининг ижтимоий, иқтисодий ва маънавий тараққиётини бошқарадиган муҳим маскан бўлиши шартлиги таъкидланди.

Маҳалла халқимизнинг асрий қадриятлари, эзгу анъаналари ва ўзаро меҳр-оқибати мужассам бўлган бетакрор ижтимоий макондир. Инсоннинг қувончи, ташвиши, орзуси, мақсади, оилавий ҳаёти ва жамиятга муносабати, энг аввало, маҳаллада намоён бўлади. Шу маънода, маҳалладаги муҳит бутун жамиятнинг маънавий қиёфасини белгилайди.
Маҳалла раиси — ҳудуднинг ҳақиқий бошқарувчиси бўлиши лозим. Йиғилишда маҳалла раиси ижтимоий муаммоларни шунчаки қайд этувчи шахсдан ўз ҳудудининг “иқтисодий буюртмачиси”га айланиши зарурлиги белгиланди. Энди ҳар бир маҳалла раиси ҳудудининг ижтимоий ва иқтисодий буюртмасини шакллантириб, муаммоларни аниқ ҳисоб-китоб қилади, зарур лойиҳаларни тайёрлайди ва масъул ташкилотлар олдига аниқ вазифалар қўяди. Шунингдек, хусусий боғча, мактаб, клиника ва спорт иншоотлари қуриш учун бўш ер майдонларини аукционга чиқариш ваколати ҳам маҳалла раисларига берилади.
Маҳалла раиси “еттилик” аъзоларининг ҳафталик ва ойлик иш режаларини тасдиқлаши, ҳар бир аъзога аниқ вазифа бериши ва натижани талаб қилиши белгиланди. Бу маҳаллада “менга тегишли эмас”, “менинг ваколатимга кирмайди” деган қарашга ўрин қолмаслигини англатади. Чунки маҳалла ҳудудидаги ҳар бир оиланинг тақдири, ҳар бир ёшнинг келажаги ва ҳар бир эҳтиёжманд инсоннинг муаммоси “еттилик”нинг умумий масъулияти ҳисобланади.
Ҳар бир хонадон – бир имконият, ҳар бир ташаббус – янги иш ўрни демакдир. Маҳаллаларда камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш шунчаки статистик вазифа эмас. Бу инсоннинг ўз кучига ишончини тиклаш, оилаларга барқарор даромад манбасини яратиш, фарзандлар келажагини таъминлашдир.
Йиғилишда маҳалла банкирларининг иш усулини тубдан ўзгартириш вазифаси қўйилди. Энди банк ҳар бир маҳалланинг “ўсиш нуқтаси”ни аниқлаши, ташаббускор фуқароларни топиши, уларнинг ғоясини даромадли лойиҳага айлантириши лозим. Битта маҳалла банкирига кўпи билан учта маҳалла бириктирилиши белгиланди. Бу банкирнинг ҳудудга чуқур кириб бориши, ҳар бир хонадоннинг имкониятини ўрганиши ва ташаббускорлар билан бевосита ишлаши учун шароит яратади.
Маҳалладаги муаммони имкониятга айлантиришнинг энг тўғри йўли лойиҳа қилишдир. Бўш турган ерга иссиқхона, хусусий боғча ёки спорт иншооти қуриш мумкин. Ҳунари бор, аммо ишсиз фуқарони зарур ускуна билан таъминлаш мумкин. Хизмат кўрсатишга эҳтиёж бор жойда кичик сервис объекти очиш, томорқадан унумли фойдаланиш, ҳунармандчилик ва касаначиликни ривожлантириш мумкин. Муҳими, маҳалла раиси ва “еттилик” ҳар бир инсондаги қобилият ва имкониятни кўра билиши керак.
Ободлик маънавиятнинг кўзгусидир. Бу бугун айтилган гап эмас. Қадимдан обод юртда барака бўлган. 2026 йил мамлакатимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилингани ҳам бежиз эмас. Барча ислоҳотларнинг амалий натижаси маҳаллада, хонадонда ва одамларнинг кайфиятида кўриниши керак.
Жорий йил Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз” деган эзгу ғоя асосида кенг нишонланади. Ушбу улуғ сана муносабати билан “Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги” эълон қилинди. Бу ишлар бир ойлик тадбир эмас, балки йил давомида амал қиладиган умуммиллий ҳаракатга айланиши лозим.
Халқимиз азалдан озодаликни иймондан, ободликни эса маънавиятдан деб билган. Покиза кўча, саранжом хонадон, гуллаб-яшнаган ҳовли, бу фақат ташқи кўриниш эмас. Бу шу ҳудудда яшайдиган инсонларнинг маданияти, масъулияти ва Ватанга дахлдорлигининг ифодасидир.
Маънавий муҳит барқарор тараққиёт пойдевори саналади. Маҳаллани ривожлантириш масаласини фақат иқтисодий кўрсаткичлар билан ўлчаб бўлмайди. Даромад, бандлик ва инфратузилма қанчалик муҳим бўлса, маънавий муҳит, оилавий тотувлик, ёшлар тарбияси, жиноятчилик ва турли ёт ғояларнинг олдини олиш ҳам шунчалик муҳимдир.
Хавфсиз маҳалла фақат профилактика инспекторининг фаолияти билан яратилмайди. Бунинг учун ота-она, таълим муассасаси, маҳалла фаоллари, нуронийлар, имом-хатиблар, хотин-қизлар ва ёшлар вакиллари ҳамжиҳат бўлиб ишлаши зарур. Жиноят оқибати билан курашишдан кўра, уни келтириб чиқарадиган маънавий, ижтимоий ва иқтисодий омилларни бартараф этиш самаралироқдир.
Президентимиз белгилаб берган вазифалар Республика Маънавият ва маърифат маркази Андижон вилояти бўлими ҳамда унинг туман ва шаҳар бўлинмалари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди.
Бундан буён ўтказиладиган маънавий-маърифий тадбирлар фақат ҳисобот учун эмас, одамларнинг онги ва ҳаётида аниқ ўзгариш пайдо қилишга хизмат қилиши керак. Ҳар бир давра суҳбати, учрашув, тарғибот тадбири ёки очиқ мулоқот маҳалладаги муайян муаммога ечим топиши, одамларни бирлаштириши ва эзгу ташаббусга ундаши лозим.
Вилоятимиздаги маҳаллаларда “Жаҳолатга қарши маърифат”, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, ёшларнинг бандлиги ва тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, китобхонликни кенг тарғиб қилиш, миллий либос ва қадриятларга ҳурматни ошириш, тозалик ва ободлик маданиятини юксалтириш йўналишларидаги ишларни янги босқичга олиб чиқишимиз зарур.
Ҳар бир маҳалладаги илғор тажрибани оммалаштириш, ташаббускор раислар ва фаол фуқароларни қўллаб-қувватлаш, ёшлар ва хотин-қизларни эзгу лойиҳалар атрофида бирлаштириш муҳим вазифамиз бўлиб қолади.
Маҳалла идорасига кирган инсон муаммоси билан ёлғиз қолмаслиги, эътиборсизлик ёки сансалорликка дуч келмаслиги керак. У маҳаллада ишончни, давлатнинг эътиборини, жамиятнинг меҳр-оқибатини ва ўз ҳаётини яхшилаш имкониятини ҳис қилиши шарт.
Маҳалла раиси одамларни тингласа, “еттилик” аҳил ва ҳамжиҳат ишласа, зиёлилар, нуронийлар, тадбиркорлар, хотин-қизлар ва ёшлар умумий мақсад атрофида бирлашса, ечилмайдиган муаммо қолмайди.
Нигора Қашқабоева,
Республика Маънавият ва маърифат
маркази Андижон вилояти бўлими раҳбари.
ЎзА.