“Энг яхши хорижий тил мактаби” аниқланди
Мамлакатимизда таълим сифатини ошириш, айниқса, хорижий тилларни ўқитиш тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президент соврини учун ўтказилаётган “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танлови эса бу борадаги энг нуфузли ва самарали лойиҳалардан биридир.
Мазкур танлов орқали умумтаълим мактабларида хорижий тилларни ўқитиш сифати изчил равишда оширилиб, замонавий билим ва кўникмаларга эга, халқаро майдонда рақобатлаша оладиган ёш авлодни тарбиялашга хизмат қилмоқда. Лойиҳа нафақат билимлар беллашуви, балки илғор тажрибаларни оммалаштириш, инновацион ёндашувларни жорий этиш ва педагоглар салоҳиятини намоён этиш учун ҳам муҳим майдон вазифасини ўтамоқда.

Танлов жараёнида иштирокчи мактаблар ҳар томонлама чуқур ва адолатли баҳоланди. Хусусан, ўқувчиларнинг тил билиш даражаси, халқаро ва миллий сертификатлари, фан олимпиадаларидаги натижалари билан бир қаторда, ўқитувчиларнинг касбий маҳорати, дарс ўтиш услублари ҳамда замонавий педагогик технологиялардан фойдаланиш даражаси ҳам атрофлича ўрганилди.

Жорий йилда танловнинг Бухоро вилояти Ғиждувон тумани босқичи очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида, юқори савияда ташкил этилди. Унда иштирок этган мактаблар ўзларининг илғор тажрибаси, янгича ёндашувлари ва юқори натижалари билан ажралиб турди.

Якуний натижаларга кўра, ғолиблик 1-ўрин 60-мактабга (100 миллион сўм) насиб этди. 2-ўринни 8-мактаб (75 миллион сўм), 3-ўринни эса 67-мактаб (50 миллион сўм) эгаллади. Ғолиб ва совриндорлар тантанали равишда тақдирланиб, уларнинг меҳнати муносиб рағбатлантирилди.

Танлов таълим тизимида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ошириш ва ўқувчиларнинг билим даражасини янада юксалтиришда муҳим ўрин тутади. Эришилган ютуқлар эса, аввало, устозларнинг фидокорона меҳнати, изланишлари ва замонавий таълимга бўлган интилишларининг ёрқин ифодасидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.