Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Очиқлик индексида юқори натижани қўлга киритди
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ўтган 2025 йилда давлат органлари ва ташкилотларида очиқлик бўйича амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги ҳамда натижадорлигини баҳолашга қаратилган Очиқлик индекси якунлари эълон қилинди.
Ушбу натижаларга кўра, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги 82,6 балл (яшил самарадорлик кўрсаткичи) билан юқори ўринни эгаллади. Шунингдек, вазирлик ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги 73,3 балл натижани қайд этди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, мазкур баҳолаш жараёнида жами 86 та республика ижро этувчи ҳокимият органлари — вазирликлар, қўмита, агентлик, инспекциялар ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолияти қамраб олинган.
Қайд этилишича, ушбу натижалар давлат идораларида шаффофликни ошириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда фуқароларга очиқ маълумотлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш йўлидаги муҳим кўрсаткич ҳисобланади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА