“Энг инновацион ғоя” республика танловининг институт босқичи ўтказилди
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида “Энг инновацион ғоя” республика танловининг биринчи босқичи бўлиб ўтди.
Иқтидорли талаба-ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг инновацион салоҳиятини рўёбга чиқариш, истиқболли ғояларини амалий лойиҳаларга айлантириш ҳамда стартап ташаббусларини молиявий рағбатлантириш мақсадида ўтказилган танловда институтнинг бакалавриат таълим йўналишлари ҳамда магистратура мутахассисликларида таҳсил олаётган талабалар ўзларининг 10 та устувор йўналиш бўйича инновацион ишланмалари ва истиқболли лойиҳалари билан иштирок этди.

Танлов давомида иштирокчиларнинг инновацион ёндашуви, ғояларнинг янгилиги, амалий аҳамияти, истиқболи ҳамда уларни келгусида стартап лойиҳалар сифатида амалга ошириш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.

Танловнинг институт босқичи ғолибларини муносиб рағбатлантириш мақсадида биринчи ўринга 50 миллион сўм, иккинчи ўринга 30 миллион сўм, учинчи ўринга 20 миллион сўм миқдорида грант маблағи ажратилган.
Мазкур танлов ёшларнинг илмий ва ижодий салоҳиятини юзага чиқариш, уларни янгича фикрлаш, замонавий технологиялар асосида инновацион ечимлар ишлаб чиқиш ҳамда ўз ғояларини ҳаётга татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири