Энергетикада янги босқич: “Ўзметкомбинат” Хитойнинг илғор BESS технологияларини ўрганмоқда
Бугун саноатда барқарор ишлаб чиқариш нафақат қувват, балки энергияни оқилона бошқаришга ҳам боғлиқ. Шу сабабли, “Ўзметкомбинат” АЖ энергетика инфратузилмасини замонавий технологиялар асосида ривожлантириш бўйича изчил чоралар кўрмоқда.
Хитойга хизмат сафари доирасида корхона делегацияси энергия сақлаш технологиялари бўйича халқаро тажрибага эга “Trina Storage” компаниясининг ишлаб чиқариш майдонида бўлиб, замонавий BESS (Battery Energy Storage System) тизимлари билан яқиндан танишди.
Ташриф давомида LFP аккумуляторлари, BMS ва EMS бошқарув тизимлари, PCS ускуналари, совитиш ҳамда ёнғин хавфсизлиги ечимлари ўрганилди. Шунингдек, энергия истеъмолидаги юқори юкламаларни бошқариш, тармоққа тушадиган босимни камайтириш ва ишлаб чиқаришни ишончли электр энергияси билан таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Алоҳида эътибор “Ўзметкомбинат” объектларидан бирида BESS тизимини жорий этиш бўйича пилот лойиҳани амалга ошириш истиқболларига қаратилди. Томонлар лойиҳанинг техник параметрлари, молиялаштириш ва узоқ муддатли ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилди.
Танишув якунида томонлар BESS технологияларини “Ўзметкомбинат” АЖ шароитида қўллаш, хусусан, пилот лойиҳани амалга ошириш бўйича галдаги режаларни белгилаб олди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА