Энди тупроқ таҳлилларини масофадан олиш мумкин (+видео)
Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитасининг Республика агрокимёвий таҳлил маркази томонидан бугунги кунда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга мўлжалланган 2 миллион 700 минг гектар майдоннинг рақамли харитаси шакллантирилди.
Ушбу воқеа юртимиз агросаноатида жуда катта аҳамиятга эга. Чунки, ернинг таркибини яхши билмасдан туриб кўзланган мўл ҳосилга эришиш қийин, албатта. Қайси майдонга қанча минерал ўғит, қанча сув, қандай агротехник тадбирларни олиб бориш учун ҳам экин майдонидаги ернинг хусусиятини яхши билиш керак. Тупроқ таркибида шунингдек бактериялар, замбуруғлар, актинометрлар, протозойлар каби микроорганизмлар ҳам бор.
Тупроқ структураси лабораторияда текширилади ва намуналардан олинган натижалар “Агролаб” платформасида умумлаштирилади ва мамлакатимиздаги қишлоқ хўжалиги ерларининг умумий ҳолати бўйича маълумотлар шакллантирилади. Таҳлил натижалари рақамлаштирилганлиги боис энди масофадан туриб ҳам ернинг хусусиятлари ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлиш мумкин.
- Тупроқ агар соғлом бўлса, ўсимликлар етиштирилганда уларнинг ташқи таъсирга, касаллик ва зараркунандаларга чидамлилик даражаси юқори бўлади, - дейди Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитасининг Республика агрокимёвий таҳлил маркази директори Васлиддин Муҳиддинов. – Бунинг ҳисобига ортиқча пестицидларни ишлатиш, зарарли кимёвий воситаларни қўллашга ҳожат қолмайди ва қанчалик органикларни кўпроқ берадиган бўлсак, етиштириладиган маҳсулотимизнинг сифат кўрсаткичлари шунчалик юқори бўлади.
Тупроқ таҳлили экинларнинг эҳтиёжини аниқ баҳолаш, ўғитлардан оқилона фойдаланиш ва тупроқ унумдорлигини сақлашнинг асосидир. Шу боис намуналар энг сўнгги русумдаги замонавий ускуналарда текширилади.
- Ердан фойдаланувчи бугунги кунда қанча ўғит қўллаш керак, қанча меъёр, муддати буларни биз ҳаммасини рақамлаштириб қўйганмиз, - дейди Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитасининг Республика агрокимёвий таҳлил маркази бош мутахассиси Иброҳим Балқиев. – 42 мингдан зиёд ердан фойдаланувчининг қайдномалари рақамлаштирилган. Хаританомалар ердан фойдаланувчилар смартфонларига ҳаволасиз юборилади. Ўзига тегишли ер майдонининг исталган вақтда, исталган жойида кўриш имкониятини беради.
Аслида соҳа кенг ва агрокимёвий таҳлилнинг аҳамияти биз тасаввур қилгандан анча катта. Энг муҳим хулоса шуки, қишлоқ хўжалигида юқори даромад олиш учун тупроқнинг “соғломлигига” бефарқ бўлмаслик керак.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/RSySV0Xj7fs" title="Endi tuproq tahlillarini masofadan olish mumkin" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов,
Салим Обиджонов, ЎзА