Энди ўзбекистонлик автобус ҳайдовчилари Японияда ишлаши мумкин
Ўзбекистонлик автобус ҳайдовчиларига Японияда юқори маошли иш таклиф этилади. Икки давлат ҳамкорлигида махсус ўқув маркази ва амалиёт тизими яратилади.
Япониянинг йирик транспорт компанияси ўзбекистонлик автобус ҳайдовчиларига қизиқиш билдирмоқда.
“Willer Express” Япония сайёҳлик ва йўловчи транспорт бозоридаги энг илғор автобус оператори ҳисобланади. Компания мамлакат шимолидан жанубигача бўлган кенг ҳудудни қамраб олган.
Кун чиқар юртнинг халқаро кадрларни тайёрлаш ва ишга жойлаштириш соҳасида етакчи корхоналаридан бири саналган “Onodera User Run” ушбу тузилмани Ўзбекистон бозорига олиб кирмоқда. Лойиҳа Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги делегациясининг Японияга сафари доирасидаги келишувга кўра амалга оширилади.
Тегишли ҳужжат Ўзбекистонда турли соҳалар бўйича малакали кадрлар тайёрланиши ва Японияда ишга жойлаштирилишини назарда тутади.
Агентлик раҳбари Беҳзод Мусаев, "Willer Express" раҳбари Хирояма Кожи ва “Onodera User Run” компанияси вакили Като Жун иштирокида имзоланган уч томонлама битимга кўра, автобус ҳайдовчиларини республикамизда тайёрлаш ва юқори даромадли ишга жойлаштириш мақсадида ҳамкор давлатга жўнатиш йўлга қўйилади.
Ташаббус доирасида Тошкент шаҳрида замонавий дала ўқув-машқ майдони ҳам барпо этилади. Амалиёт ўташ учун Япониядан ўнг томондан бошқариладиган махсус автобуслар олиб келинади.
Гўзал Сатторова, ЎзА