Эмлаш – инсониятни 30 дан ортиқ хавфли инфекциялардан, оғир хасталиклардан ҳимоя қилувчи ягона ишончли қалқон
Замонавий тиббиёт шиддат билан ривожланаётган бўлса-да, юқумли касалликларнинг олдини олишда вакцинациядан кўра самаралироқ, хавфсизроқ ва иқтисодий жиҳатдан мақбулроқ восита ҳали кашф этилгани йўқ. Бугунги кунда эмлаш инсониятни 30 дан ортиқ хавфли инфекциялардан, жумладан, сил, дифтерия, қизамиқ, гепатит ва бошқа оғир хасталиклардан ҳимоя қилувчи ягона ишончли қалқон ҳисобланади.
Вакциналар инсон танасининг табиий ҳимоя тизимлари — иммунитет билан ўзаро таъсир қилиш орқали касалликларни юқтириш хавфини камайтиради. БМТ маълумотларига кўра, эмлаш тадбирлари ҳар йили дунё бўйлаб 2,5 миллион боланинг ҳаётини сақлаб қолмоқда. Бу ҳар соатда тахминан 285 нафар гўдак вакцина шарофати билан яшаш имконига эга бўлаётганини англатади. Сўнгги ярим аср ичида чақалоқлар ўлимининг 40 фоизга камайиши ҳам айнан глобал иммунизация дастурларининг натижасидир.

Ўзбекистонда бу борадаги кўрсаткичлар йилдан-йилга такомиллашиб бормоқда. Агар 2000 йилгача мамлакатимизда болалар атиги 6 турдаги инфекцияга қарши эмланган бўлса, бугунги кунда миллий эмлаш жадвалига кўра, болалар 13 турдаги юқумли касалликка қарши режали равишда вакцинация қилинмоқда. Булар қаторига гепатит В, сил, полиомиелит, ротавирус, бўғма, қоқшол, кўкйўтал, ХИБ-инфекцияси, қизамиқ, эпидпаротит, қизилча, пневмококк ва одам папиллома вируси (ОПВ) киради.
Тизимли чора-тадбирлар туфайли Ўзбекистон тиббиёт тарихида муҳим ютуқларга эришди. 1996 йилдан буён юртимизда ёввойи полиовируслар келтириб чиқарадиган полиомиелит касаллиги қайд этилмади ва 2002 йилда мамлакатимиз «Полиомиелитдан холи ҳудуд»га айланди.
Шунингдек, 2024 йилда ЖССТ Европа минтақавий бюроси томонидан юртимизда гепатит В касаллиги эмлаш натижасида элиминация қилингани расман тасдиқланди.

Юқумли касалликларга қарши курашишда нафақат тиббий муолажалар, балки аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш, одамларнинг тиббий билимини бойитиш ва эмлашга бўлган ишончини мустаҳкамлаш ўта муҳим саналади. Бу жараёнда оммавий ахборот воситалари вакилларининг ўрни беқиёс. Шу муносабат билан, Европа иммунизация ҳафталиги доирасида журналистлар учун «Вакцинация самарадорлиги: афсоналарни инкор этиш йўлида» мавзусида муҳим ишчи учрашув ва семинар ташкил этилди. Тадбирда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ҳамда ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси мутахассислари иштирок этди. Семинар давомида ОАВ ходимларига вакциналарнинг хавфсизлиги, қизамиқ бўйича кенг тарқалган афсоналарни илмий асосда инкор этиш ва қарорлар қабул қилиш жараёнининг жамият саломатлигига таъсири бўйича батафсил маълумотлар берилди. Журналистлар кичик гуруҳларда ишлаб, амалий машғулотлар орқали ўз кўникмаларини оширди.
Жорий йилнинг 20–25 апрель кунлари «Вакциналар ҳар бир авлод учун натижа бермоқда» шиори остида ўтказилаётган Европа эмлаш ҳафталиги давомида бутун мамлакат бўйлаб тиббиёт муассасаларида «тозаловчи» эмлаш ишлари ташкил этилиб, турли сабабларга кўра вакцина олмай қолган фуқаролар қамраб олинмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, аҳолининг 90-95 фоизи эмлангандагина жамиятда жамоавий иммунитет шаклланади. Бу эса касаллик занжирини узиб, миллат саломатлигини таъминлайди. Юртимизда вакциналар сифати халқаро стандартлар асосида назорат қилинади ва барча эмлаш жараёнлари бепул амалга оширилади.
Фарзанларимизни эмлатиш орқали нафақат уларнинг, балки келажак авлод саломатлигини ҳимоя қилган бўламиз.
Моҳигул Қосимова, ЎзА