Жиззахда микро ГЭСлар барпо этилмоқда
Жиззах вилоятида қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш йўлида изчил ва самарали қадамлар ташланмоқда. Хусусан, микро гидроэлектр станцияларни барпо этиш орқали ҳудудларда қўшимча энергия манбалари яратиш, электр таъминоти барқарорлигини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Мазкур жараёнлар мамлакат раҳбарининг 2025 йил 28 мартдаги “Республика ҳудудларида микро гидроэлектр станциялари тармоғини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан янги босқичга кўтарилди. Унга мувофиқ, Жиззах вилоятида умумий қуввати 30,1 мегаватт бўлган 150 та микро ГЭС лойиҳасини амалга ошириш белгиланган. Бу нафақат ҳудуднинг энергетик мустақиллигини мустаҳкамлайди, балки тадбиркорлик муҳитини кенгайтириб, янги иқтисодий имкониятлар эшигини очади.

Айни пайтда лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишда амалий натижалар кўзга ташланмоқда. Жумладан, барча 150 та объект учун ер майдонлари ажратилди, 147 та лойиҳа бўйича зарур ҳужжатлар тайёр ҳолга келтирилди. Уларнинг аксарияти электрон савдоларга чиқарилиб, 38 таси бўйича ташаббускор тадбиркорлар аниқланди. Бу рақамлар жараён изчил ва тизимли ташкил этилганини яққол намоён этади.
Барча савдолар “E-auksion” электрон платформаси орқали ўтказилаётгани инвесторлар учун тенг имконият яратиб, соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга замин яратмоқда.
Молиявий таъминот масаласи ҳам эътибордан четда қолган эмас. Жаҳон банки томонидан ажратилган 150 миллион АҚШ доллари миқдоридаги имтиёзли маблағлар асосида тижорат банклари орқали махсус кредит линиялари йўлга қўйилмоқда. Бу эса тадбиркорларга қулай шартларда молиявий кўмак олиш имконини бериб, лойиҳаларни жадал амалга оширишга хизмат қилмоқда.
Шу билан бирга, аҳолининг ва тадбиркорларнинг хабардорлигини оширишга қаратилган тарғибот ишлари ҳам фаол олиб борилмоқда. Маҳаллий ҳокимликлар ташаббуси билан ўтказилаётган семинар ва учрашувларда микро ГЭСларнинг афзалликлари, иштирок шартлари ва молиявий имкониятлар кенг тушунтирилмоқда.
Умуман олганда, кичик дарё ва каналларда барпо этилаётган микро гидроэлектр станциялар нафақат экологик тоза энергия манбаи, балки ҳудуд иқтисодиётини рағбатлантирувчи муҳим драйвер сифатида намоён бўлмоқда. Улар янги иш ўринлари яратиш, инвестициявий жозибадорликни ошириш ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА