Электрон ҳисобот юритиш бўйича амалий семинар ўтказилди
Кўзи ожиз фуқаролар учун рақамли имкониятлар кенгаймоқда. Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамияти фаолиятида электрон тизимлар орқали янги давр бошланди. Бу инклюзивликни қандай мустаҳкамлайди?
Бугунги кунда рақамлаштириш тубдан такомиллашиб бормоқда. Бундай имкониятдан эса ҳар бир киши фойдаланишга ҳақли. Хусусан, юртимизда олиб борилаётган инклюзив тенгликка қаратилган сиёсат натижасида кўриш имконияти чекланган юртдошларимиз ҳам ўз техник салоҳиятларини муносиб намоён этиб келмоқда.
Шу мақсадда, Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамияти томонидан тизимдаги бўлинмалар фаолиятини янада такомиллаштириш, ҳисоботларни юритиш сифатини ошириш ҳамда электрон ҳисобот тизимидан самарали фойдаланишга қаратилган амалий-услубий семинар ўтказилди.
Семинарнинг асосий мавзуси —бўлинмалар томонидан ҳар чорак якуни бўйича ҳисоботларни тайёрлаш, uzkoj.uz электрон ҳисобот платформаси орқали белгиланган муддатларда тақдим этиш ва ҳисоботлар билан ишлаш тартибини амалий жиҳатдан ўзлаштиришдан иборат бўлди.
Тадбир давомида иштирокчиларга янгиланган uzkoj.uz платформаси, шахсий кабинетлардан фойдаланиш, ҳисобот даврини танлаш, тегишли маълумотларни киритиш, уларни текшириш, сақлаш ва электрон тарзда тақдим этиш тартиби босқичма-босқич тушунтирилди.
Платформада хатолик аниқланган тақдирда ҳисоботни тузатиш, қайта текшириш ва қайта тақдим этиш бўйича ҳам амалий кўрсатмалар берилди.
Семинарнинг муҳим жиҳатларидан бири — электрон ҳисоботнинг асоси бирламчи ҳужжатлар эканлигига алоҳида эътибор қаратилганидир.
Хусусан, жамият аъзолари ҳаракатини тўғри юритиш, аъзоликка қабул қилиш ва чиқиш билан боғлиқ ҳужжатларни белгиланган тартибда расмийлаштириш, аъзолар рўйхатини мунтазам янгилаб бориш ҳамда ҳар бир аъзо бўйича зарур ҳужжатларни тўлиқ шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, семинарда «бирламчи ҳужжат → аъзолар рўйхати → ҳисоб-китоб → чораклик ҳисобот → электрон платформа» занжирининг узвийлиги таъминланиши лозимлиги таъкидланди.
Тадбир давомида ахборот хавфсизлиги масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, логин ва паролларни учинчи шахсларга бермаслик, умумий Telegram гуруҳларида тарқатмаслик, умумий компьютерларда сақлаб қолмаслик ва иш якунида шахсий кабинетдан чиқиш каби талаблар тушунтирилди.
Тадбир якунида иштирокчиларнинг саволлари тингланиб, амалиётда учраётган муаммолар ва кўп учрайдиган хатолар ҳам муҳокама қилинди.
Шербек Исломов, ЎзА