Фахрийлар ва ёшларни илм бирлаштирди
Андижонда ички ишлар органлари “Уч авлод” маслаҳат кенгашининг VI республика конференцияси бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан мамлакатимизда ўтказилаётган “Кексалар ҳафталиги” доирасида ички ишлар органларида узоқ йиллар хизмат қилган фахрийларни эъзозлаш, уларнинг бой ҳаётий ва касбий тажрибасини ёш авлодга етказишга қаратилган кўплаб тадбирлар ўтказилмоқда.
Вазирлик масъуллари, Фахрийлар кенгаши вакиллари, ҳудудий ички ишлар органларида фаолият олиб борган фахрийлар ҳамда ёш ходимлар иштирок этган ички ишлар органлари “Уч авлод” маслаҳат кенгашининг VI республика конференцияси ҳам ана шундай тадбирлардан бири бўлди.


Жумладан, Андижон давлат педагогика институтида “Фахрийлар ва ёшларни илм бирлаштиради” ғояси асосида “Заковат” интеллектуал танлови ўтказилди. Қизғин баҳс, мунозара ва савол-жавоблар асосида ўтган танловнинг якуний натижаларига кўра, Андижон вилояти жамоаси 1-ўринни қўлга киритди. Навоий вилояти жамоаси 2-ўринга, Сирдарё вилояти жамоаси 3-ўринга сазовор бўлди.
Шунингдек, “Энг фаол фахрий ходим” танлови ташкил этилиб, иштирокчиларнинг билим ва тажрибаси, жамоат ишларидаги фаоллиги ҳамда ёш ходимларга ўрнак бўлаётган жиҳатлари баҳоланди.
Дастур доирасида фахрийлар Андижоннинг тарихий қадамжолари ва музейларига ташриф буюриб, маданий-маърифий саёҳатларда бўлди. Андижон вилоятида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари, ўзгаришлар жараёнлари билан яқиндан танишди.
Шунингдек, Фахрийлар кенгашлари раислари томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож фахрийлар ҳолидан хабар олиниб, улар билан мулоқотлар ўтказилди.


Ўтказилган тадбир ва учрашувлар фахрийлар тажрибаси, бугунги кунда иш олиб бораётган ходимлар салоҳияти ва ёшларнинг шижоатини бир мақсад атрофида бирлаштириб, авлодлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик ва тажриба алмашинувини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди, фахрийлар ҳаёти ёш авлод учун ибрат мактаби эканлигини амалда яна бир бор кўрсатди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири