Экологик ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик кучайтирилади
Экологик хавфсизликни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраш, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасида айрим муаммолар мавжуд.
Шу каби муаммоларга барҳам бериш мақсадида ишлаб чиқилган “Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун Сенат ялпи мажлисида кўриб чиқилди.

– Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда экология соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жарималар миқдори камлиги сабабли улар ўзининг сезиларли тарбиявий ва профилактик аҳамиятини бермаяпти, – деди Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Анвар Тўйчиев. – Маъмурий жарималарнинг мансабдор шахсларга нисбатан қўлланилиши эса корхоналар учун сезиларли молиявий таъсир кўрсатмасдан, мулкдорда “жазосизлик туйғуси” шаклланишига олиб келмоқда. Амалиётда бундай муаммолар экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар содир этганлик учун жавобгарликни янада кучайтиришни тақозо этмоқда. Қонун билан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда жавобгарликни кучайтиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.

Жумладан, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун янги боб билан тўлдирилиб, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун юридик шахсларга нисбатан молиявий санкциялар белгиланмоқда.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 88-моддаси (атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларига риоя қилмаслик) тўлдирилиб, ёқиш учун мўлжалланмаган жойларда ва (ёки) қурилмаларда ёқилғини, ёқилғи сифатида фойдаланиладиган моддаларни ёки моддалар аралашмасини, ёқилғи ҳисобланмайдиган материалларни ва чиқиндиларни очиқ аланга олдириб ёқиш, шунингдек иссиқхоналарда, ишлаб чиқариш биноларида, ёндириш ускуналарида ёки бошқа объектларда ёқилғи сифатида шиналар, битум, мазут, плёнка, синтетик картон, резина, жун толасини ёқиш ва шунга ўхшаш компонентларни ўз ичига олган чиқиндиларни ёқиш учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилмоқда.
Сенаторлар маъқуллаган қонун атроф - муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга, табиий ресурсларнинг кафолатланган ҳимояланишига, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳамда давлат экологик назоратини самарали ташкил этишга хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат),
ЎзА