Милица Стаменковски: Ўзбекистоннинг меҳнат миграцияси бўйича ёндашувини юқори баҳолаймиз
Иқтисодий трансформация, меҳнат бозоридаги ўзгаришлар ва миграция жараёнларининг жадаллашуви давлатлар ўртасида меҳнат, инсон капитали ва ижтимоий ҳимоя масаласи бўйича яқин ҳамкорликни тақозо этмоқда. Бу борада Ўзбекистон меҳнат миграцияси соҳасини тартибга солиш, фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, хавфсиз ва қонуний миграция механизмларини такомиллаштиришга қаратилган очиқ ва прагматик сиёсатни изчил амалга оширмоқда.
Яқинда пойтахтимизда ўтказилган “Халқаро миграция форуми – 2026” доирасида Сербия Республикаси меҳнат, бандлик, ветеранлар ва ижтимоий масалалар вазири Милица Стаменковскининг Ўзбекистон – Сербия ҳамкорлиги, меҳнат мобиллиги ва стратегик шериклик истиқболларига оид фикрлари муҳим аҳамият касб этди.
– Ўзбекистон билан меҳнат мобиллиги соҳасидаги мулоқотларимиз юқори суръат ва конструктив руҳда ўтди. Агар музокаралар шу тарзда изчил давом этса, Ўзбекистон Сербия билан меҳнат мобиллиги бўйича кенг қамровли битим имзолайдиган биринчи давлатга айланиши мумкин. Биз юртингизни дўст ва ишончли ҳамкор сифатида қадрлаймиз.
Айниқса, ўлкангиз томонидан Сербияга юборилаётган меҳнат мигрантларини серб тили, миллий қадрият ва маданият билан таништиришга қаратилаётган ёндашувни юқори баҳолаймиз. Бу эса мамлакатимизни улар учун шунчаки иш жойи эмас, балки иккинчи уйга айлантиришга хизмат қилади.
Сербия президенти ҳам Ўзбекистон билан муносабатни ташқи сиёсатимизнинг устувор йўналишларидан бири сифатида баҳоламоқа. Биз икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик алоҳида соҳалар билан чекланиб қолмасдан, стратегик шерикликнинг энг юқори босқичига чиқишини истаймиз. Сербия Европа ва Осиё ўртасидаги ўзига хос кўприк бўлиб, ҳар икки йўналишдаги ҳамкорлик алоқаларини мувозанатли ривожлантиришга интилади. Ишонамизки, Ўзбекистон билан олиб борилаётган мулоқотлар яқин келажакда аниқ амалий натижалар беради.
Д.Ҳакимов,
Ф.Абдурасулов (сурат),
ЎзА