Дунё хабарлари қисқа сатрларда
Қисқа, аниқ ва ишончли ахборот – глобал дунёда тезкор хабардорлик гарови. ЎзА жаҳонда содир бўлаётган энг муҳим воқеаларни қисқа сатрларда тақдим этади.
Трамп Эронга муҳлатни узайтирди: музокара давом этади
АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрондан Ҳурмуз бўғозини очиш талаби бўйича берилган муддатни яна 10 кун – 6 апрелгача узайтирди. Бу қарор Теҳроннинг илтимосидан сўнг қабул қилингани айтилмоқда. Шу билан бирга Вашингтон Эрон энергетика инфратузилмасига зарба бериш режасини ҳам вақтинча тўхтатган.
Трамп музокара “яхши кетяпти” дея таъкидлаган бўлса-да, томонлар ҳали келишувдан йироқ. Эрон ҳужумни тўхтатиш ва мамлакатнинг суверенитетини тан олиш каби шартлар қўймоқда. Демак, вазият ҳамон кескин.
Германияда махфий ҳарбий маълумот сиздирган офицер хизматдан четлатилди
Германия армияси – Бундесвер офицери 150 дан ортиқ мудофаа хариди режасини бегонага узатиш гумони билан лавозимидан четлатилди. Ҳодиса юзасидан жиноий ва интизомий текширув бошланган, иш “махфий маълумотни ошкор қилиш” сифатида баҳоланган.
ГФРнинг 337 миллиард евролик ҳарбий модернизация режасига оид ушбу ҳужжат қурол-яроқ ва техника харидини ўз ичига олган. Айби исботланса, зобит жаримага тортилиши, ишдан бўшатилиши ёки қамоқ жазосини олиши мумкин.
Дунёда ядровий қурол кўпаймоқда
Халқаро кузатувчилар ҳисоботига кўра, ядровий қуролга эга барча 9 давлат ўз захирасини кучайтира бошлаган ёки шундай режани эълон қилган. 2025 йил зудлик билан ишлатишга тайёр ядровий зарядлар сони 9 745 тага етди. Аввалги йилга нисбатан юқори бу кўрсаткич глобал хавф-хатарни кучайтирмоқда.
Мутахассислар ҳолатни янги “ядровий пойга” сифатида баҳолаб, қуролни камайтириш даври тугаганини таъкидламоқда. Айниқса, Россия ва АҚШ ўртасидаги сўнгги назорат келишуви бекор қилиниши вазиятни янада чигаллаштириб, эҳтимолий хатолик ёки тўқнашув хавфини оширди.
Бразилия илк маҳаллий қирувчи самолётини намойиш қилди
Бразилия ўзининг маҳаллий шароитда ишлаб чиқарилган илк супертовушли қирувчи самолёти –“F-39E Gripen”ни расман тақдим этди. Маросимда Президент Луис Инасиу Лула да Сильва иштирок этиб, лойиҳа мамлакат авиация ҳамда мудофаа саноати тараққиёти йўлидаги тарихий қадам эканини таъкидлади.
Швециянинг “Saab” компанияси билан баирга ишлаб чиқилган мазкур учоқ “Embraer” томонидан йиғилган. Лойиҳа Бразилиянинг мудофаа мустақиллигини ошириши, мамлакатни минтақада ҳарбий авиация марказига айлантиришга хизмат қилиши кутиляпти.
Швецияда нефть компанияси раҳбарларига уруш жинояти бўйича
қамоқ талаб қилиняпти
Швеция прокурорлари собиқ нефть компанияси раҳбарлари Иан Лундин ва Алекс Шнайтер учун узоқ муддатли қамоқ жазосини талаб қилиб чиқди. Улар Судандаги фуқаролик уруши пайти компания манфаати учун ҳарбий амалиётга билвосита ҳисса қўшишда айбланмоқда.
Айбловга кўра, компания Судан ҳукумати билан келишув орқали ҳарбийларни нефть конларини “ҳимоя қилиш”га ундаган. Бу оддий аҳолига ҳужум қилиш, қишлоқни ёқиш ва қирғин уюштиришга олиб келган. Айбланувчилар ҳар қандай даъвони рад этмоқда. Суд қарори май ойида эълон қилиниши кутиляпти.
Испания 5 млрд. евролик ёрдамни тасдиқлади
Испания парламенти Яқин Шарқдаги уруши оқибатини юмшатиш мақсадида 5 миллиард евролик иқтисодий чора бўйича ҳужжат қабул қилди. Тегишли рўйхатга газ билан таъминлаш, ёнилғига қўшилган қиймат солиғини камайтириш, шунингдек транспортчи ва фермерлар учун субсидия ажратиш киритилган. Бу чора бензин нархи литрига тахминан 0,3 евро арзонлашишини таъминлайди.
Ҳукумат бу чора аҳоли ва бизнесни қўллаб-қувватлашга қаратилганини таъкидламоқда. Сўнгги ҳафталарда ёнилғи нархи кескин ошган. Айни геосиёсий вазият Испания иқтисодий ўсишига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги қайд этилмоқда.
Эрон Испания кемалари Ҳурмуздан ўтишига рухсат бермоқда
Эрон Испанияга алоқадор кемалар Ҳурмуз бўғози орқали ўтиши учун имтиёз бермоқчи. Бу Мадриднинг Яқин Шарқдаги урушга қарши эканлиги билан боғланмоқда.
Теҳрон айнивазиятда “танлаб қамал қилиш” сиёсатини юритиб, фақат рақиб ҳисобланган давлатлар кемаларига чеклов қўяётгани айтилмоқда.Афсуски, бу имтиёз Испания учун ҳам хавфли бўлиши мумкин. Зеро, АҚШ ва Исроил Мадрид позициясини танқид қилиб, иқтисодий ва сиёсий босимни кучайтириш эҳтимоли юқорилигини таъкидламоқда.
Рютте: Трамп даврида НАТО янада кучайди
НАТО Бош котиби Марк Рюттенинг фикрича, АҚШ Президенти Дональд Трамп альянс кучайишига жиддий туртки берган. Унинг босими натижасида барча аъзо давлатлар мудофаа харажатини ЯИМнинг камида 2 фоизига етказди ва ҳатто, янги 5 фоизлик мақсад ҳам шаклланди.
Рютте Россияни НАТО учун асосий таҳдид, деб атаб, Украина уруши глобал хавфсизликка таъсир қилаётганини қайд этди. Трампнинг сиёсати тузилмани янада барқарорлаштирса-да, Европа давлатлари орасида бу позиция баҳслилигича қолмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА