Ироқ: Ҳудудимиздан ҳужум қилинишига йўл қўймаймиз!
Ироқ ҳукумати бирор араб давлати, хусусан Иорданияга қарши ҳар қандай ҳужум кескин рад этилишини билдирди. Ушбу мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги фикрича, қўшни давлатлар хавфсизлиги Ироқ миллий хавфсизлигининг ажралмас қисмидир. Расмий Бағдод ўз ҳудудидан бошқа давлатларга қарши ҳаракат амалга оширилишига йўл қўймаслигини таъкидлади. Шу билан бирга барқарорликни сақлаш умумий манфаат экани қайд этилди. Ушбу маълумотни ЎзА ҳамкори – Бирлашган Араб амирликларининг WAM ахборот агентлиги тарқатган.
Ироқ ҳукумати хавфсизлик таҳдидига қарши қонун ва конституция доирасида чоралар кўрилаётганини маълум қилган. Мамлакат кучлари қўшни давлатлар билан ҳамкорликни кучайтириб, эҳтимолий ҳужум ҳақидаги ахборотни қабул қилишга тайёрлигини билдирди. Расмийлар ҳар қандай таҳдидга тезкор, масъулият билан жавоб қайтарилишини таъкидлади. Шу орқали минтақада кескинликнинг олдини олишга интилиш билдирилди.
Ўз навбатида Иордания БААга берилган зарбани қоралади. Ҳужум оқибатида икки киши ҳалок бўлгани, бир неча инсон жароҳатлангани айтилган. Ҳаракат давлат суверенитетига очиқча ҳужум, хавф ортиши сифатида баҳоланди.
Саудия Арабистонида ҳаво ҳимояси тизими шарқий ҳудудда 9 дронни йўқ қилган. Ҳолат минтақага таҳдид сақланиб турганини кўрсатмоқда. Давлатлар мудофаа чорасини кучайтираётгани кузатиляпти. Экспертлар жараён кенгроқ кўламли можарога айланиши хавфи мавжудлигини таъкидламоқда.
Шу билан бирга Ғазода гуманитар вазият янада оғирлашмоқда. БМТ маълумотига кўра, кучли ёмғир туфайли камида 120 оила бошпана муаммосига дуч келган. Ҳужумлар туфайли вақтинча бошпаналар ҳам жиддий зарар кўрган. Ёрдам гуруҳлари зудлик билан зарур воситалар етказишга ҳаракат қиляпти. Фақат таъминот муаммоси ишни қийинлаштирмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА