Довул ва сув тошқини Хитойни ларзага солди
Хитойнинг марказий ва жанубий ҳудудларида кузатилган кучли ёмғир, довул ва сув тошқини оқибатида камида 17 киши ҳалок бўлди, юзлаб одам жароҳат олди. Табиий офат мамлакатнинг бир неча минтақасида кенг кўламли вайронагарчиликка сабаб бўлди.
Хубэй музофотида содир бўлган кучли момақалдироқ ва шамол саккиз кишини ҳаётдан олиб кетди. Айрим ҳудудларда торнадо ҳам қайд этилган. Расмий маълумотга кўра, 275 киши жароҳатланган, тўққиз фуқаронинг тақдири номаълум. Юзлаб аҳоли хавфсиз ҳудудга кўчирилди, қутқарув амалиёти давом этяпти.
Чин жанубидаги Гуанси мухтор ҳудудида эса “Майсак” бўрони билан боғлиқ кучли ёғингарчилик сел ва тошқин келтириб чиқарди. Оқибатда камида икки киши ҳалок бўлиб, 48 000 дан зиёд одам яшаш жойидан кўчирилди. Наньин шаҳрида сув сатҳи кескин кўтарилиб, энг юқори даражали фавқулодда ҳолат жорий этилди.

Сув омбори тўғони бузилиши ушбу офатнинг энг хавфли оқибати сифатида баҳоланмоқда. Давлат телеканали тарқатган тасвирда улкан сув оқими бетон тўсиқни ёриб ўтиб, атрофдаги ҳудудларга тарқалгани акс этган. Айрим аҳоли манзилларида уйлар, машиналар сув остида қолган.
ХХР Раиси Си Цзиньпин хавф остидаги барча ҳудудларда қутқарув хизматини кучайтириш, жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича кўрсатма берди. Мутахассислар иқлим ўзгариши туфайли фавқулодда об-ҳаво ҳодисалари сони ва шиддати ортиб бораётганини таъкидламоқда. Хитой дунёдаги атмосферага энг кўп буғ гази чиқарувчи давлатлардан биридир. Ваҳоланки, мамлакат 2060 йилгача мувозанатли углерод иқтисодиётига ўтишни мақсад қилган.
Мусулмон Зиё, ЎзА