Покистон: Полиция масканига ҳужумда 9 ходим ҳалок бўлди
Покистоннинг Балужистон вилоятида жойлашган полиция назорат масканига уюштирилган террор ҳужуми оқибатида камида тўққиз нафар ҳуқуқ-тартибот идораси ходими қурбон бўлди.
Ҳудудда хавфсизлик чораси кучайтирилган. Давлат оммавий ахборот воситалари маҳаллий ҳокимиятга таяниб хабар беришича, Зиёрат туманидаги полиция манзилида юз берган фожиа қурбонларининг икки нафари юқори лавозимли зобит эди. Округ комиссари ўринбосари Абдул Қудус Ачакзой ҳодисани террор ҳаракати, дея баҳолади. Бу ҳақда “Anadolu” хабар берган.
Қўшимча қилинишича, айни дам яна беш нафар полиция ходимининг тақдири номаълум. Ҳозир улар қидириляпти. Вазиятни назоратга олиш учун воқеа жойига зудлик билан қўшимча кучлар сафарбар этилди.
Эътиборлиси, ушбу қонли воқеа вилоятда вазият бироз барқарорлашган даврга тўғри келди. Можаро ва хавфсизлик тадқиқотлари институти маълумотига кўра, июнь ойида вилоят бўйлаб террор фаоллиги сезиларли даражада пасайган эди. Хусусан, май ойида 71 ҳужум қайд этилган, июнь ойига келиб бу кўрсаткич 31 фоиз камайган ва 49 тани ташкил этган. Шунга қарамай, Зиёратдаги сўнгги ҳужум минтақада хавфсизлик таҳдиди ҳамон жиддийлигини кўрсатмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА