Дўстлигимизни улуғловчи тадбирлар бошланди
30-июль — Халқлар дўстлиги куни муносабати билан Жиззах вилоятида “Бир юрт, бир тақдир, бир оила” ҳамда “35 йиллик Мустақиллик — дўстлик ва бирдамлик тимсоли” шиорлари остида кенг қамровли маънавий-маърифий тадбирлар бошланди.
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида ўтказилаётган мазкур тадбирлар юртимизда қарор топган тинчлик, миллатлараро тотувлик, ўзаро ҳурмат ва бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлаш, халқлар ўртасидаги аҳиллик ва ҳамжиҳатликни юксак қадрият сифатида улуғлашга хизмат қилмоқда.
Тадбирларда республикадаги 20 дан ортиқ миллий маданий марказ раҳбарлари ҳамда Жиззах вилоятида истиқомат қилаётган 15 та турли миллат вакиллари иштирок этмоқда.
[gallery-30376]
Маънавий-маърифий дастур Жиззах шаҳридаги Шароф Рашидов ҳайкали пойига гул қўйиш маросими билан бошланди. Унда Ватан тараққиёти, халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик йўлида хизмат қилган буюк давлат арбоби хотирасига юксак эҳтиром кўрсатилди.
Шундан сўнг тадбир иштирокчилари Фориш туманининг сўлим Ухум маҳалласида ташкил этилган байрам дастурларида қатнашдилар. Бу ерда турли миллат ва элат вакиллари иштирокида маданий-маърифий чиқишлар, миллий куй-қўшиқлар ва анъаналарни ўзида мужассам этган кўргазмали дастурлар намойиш этилди.
Шунингдек, маҳаллий аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказилиб, ҳудуднинг бой урф-одатлари, қадриятлари ва меҳмондўстлик анъаналари кенг тарғиб қилинганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Турли миллат вакилларининг самимий учрашувлари, дўстона суҳбатлари ва маданий мулоқотлари юртимиздаги миллатлараро тотувлик муҳитининг яна бир ёрқин ифодасига айланмоқда.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари