Дўст учун яратилган ихтиро…
Мексикалик муҳандислар оддий ва самарали протез яратишга муваффақ бўлди. Янги ихтиро - “E-Redi” номли робот-қўл анъанавий мосламага нисбатан анча содда ишланган. Фақат бир мушак сенсори орқали бошқарилиши қурилмадан фойдаланишни осонлаштирган. Муаллифлар шу орқали иложи борича кўпроқ инсонларга ёрдам беришни мақсад қилган.
Мазкур ихтиро ортида таъсирли ҳикоя бор: Муҳандис Хорхе Веласко болалигида дўсти Альберто Ороскога “Кун келиб, сенга бир қўл ясайман” дея ваъда берган. Йиллар ўтиб, йигит ваъдасини университетда, диплом иши кўринишида амалга оширди. Табиийки, айнан туғма касаллик — меромелия билан яшаб келаётган Альберто янги протезни биринчи бўлиб синаб кўрди.
Лойиҳа раҳбари доктор Эрик Гусман айтишича, мазкур технологиянинг асосий устунлиги соддалигида. Одатда ясама қўлга мослашиш кўп вақт талаб қилади, “E-Redi” эса шу жараённи анча тезлаштиради. Фойдаланувчи турли ҳаракатларни осон ўрганиши мумкин. Келажакда мосламани овоз билан бошқариш ҳам режалаштирилган.
Мутахассислар ушбу ихтиро протезга мурожаат қилувчиларни кўпайтиради, деган умидда. Зеро, жуда кўп инсонлар айнан фойдаланиш қийинлиги сабабли ясама тана аъзоларини рад этади. Янги “қўл” эса қулайлиги билан ажралиб туради. Қолаверса, бу ҳодиса нафақат технология ютуғи, балки дўстлик ва ваъдага содиқлик намунаси ҳамдир.
Мусулмон Зиё, ЎзА