“Дийдор” театрининг янги мавсуми “Кулги академияси” спектакли билан бошланди
“Дийдор” ёшлар экспериментал театр-студиясининг янги мавсуми очилиши муносабати билан ижодий жамоанинг навбатдаги саҳна асари намойиш этилди.
Мавсум очилиши доирасида япон драматурги Коки Митани қаламига мансуб асар асосида, Ўзбекистон халқ артисти Баҳодир Йўлдошев инсценировкаси бўйича яратилган, Бобур Йўлдошев ва Руслан Ҳайдаров томонидан саҳналаштирилган “Кулги академияси” спектакли театр ихлосмандларига тақдим этилди.
Спектаклда енгил юмор ва ҳаётий воқеалар уйғунлигида қурилган саҳна талқини намойиш этилди. Асарда инсон муносабатлари, кундалик ҳаётдаги турли вазиятлар ҳамда жамиятда учрайдиган айрим ҳолатлар ҳазил-мутойиба орқали ёритилади. Шу жиҳати билан спектакль томошабинни нафақат кулдиришга, балки воқеалар моҳияти ҳақида мулоҳаза юритишга ҳам ундайди.

Саҳна асарида ёш актёрларнинг ижодий ёндашуви, образларни яратиш маҳорати ва саҳнавий ҳаракатлари алоҳида эътиборга сазовор бўлди. Режиссёрлик ечими, саҳна безаги ва ижро услубининг ўзаро уйғунлиги спектаклнинг таъсирчанлигини янада оширди.
“Дийдор” ёшлар экспериментал театр-студиясининг янги мавсум очилиши доирасида намойиш этилган мазкур спектакль театр санъатига қизиқувчи ёшлар ва кенг жамоатчилик учун мазмунли маданий воқеага айланди.

Тадбир якунида ижодий жамоа томошабинларнинг илиқ олқишларига сазовор бўлди. “Кулги академияси” спектаклининг намойиши театр жамоасининг янги мавсумдаги ижодий изланишлари, замонавий саҳна асарларини яратиш ва томошабинга тақдим этиш борасидаги фаолиятига муносиб старт берди.
Н.Усмонова, ЎзА