Дипломатик протокол ва этикет қоидалари ҳақида янги қўлланма нашрдан чиқди
Тошкент давлат юридик университети Давлат бошқаруви кафедраси катта ўқитувчиси Нурилло Тўхтасинов ҳамда мазкур университетнинг 4-босқич талабаси, Навоий номидаги давлат стипендияси соҳиби Муҳаммаднур Муродхонов ҳаммуаллифлигида тайёрланган “Бошқарувчилар учун дипломатик этикет” номли ўқув қўлланма нашр этилди.
Мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан тайёрланган ушбу ўқув қўлланма давлат органлари ходимлари, раҳбар кадрлар ҳамда халқаро ҳамкорлик жараёнларида фаолият юритувчи мутахассислар учун мўлжалланган. Қўлланмада дипломатия ва дипломатик хизматнинг назарий асослари, дипломатик протокол ва этикет қоидалари, расмий ташрифларни ташкил этиш, хорижий делегацияларни қабул қилиш, музокаралар маданияти, нутқ этикети, шунингдек, замонавий дипломатик мулоқотнинг амалий жиҳатлари кенг тарзда ёритилган.
Қўлланманинг муҳим илмий-амалий янгиликларидан бири шундаки, унда халқаро дипломатик ҳуқуқнинг асосий манбалари ҳисобланган “Дипломатик муносабатлар тўғрисида”ги Вена конвенцияси (1961) ҳамда “Консуллик муносабатлари тўғрисида”ги Вена конвенцияси (1963) илк бор ўзбек тилига таржима қилиниб, китобхонлар эътиборига ҳавола этилмоқда. Бу эса давлат бошқаруви, дипломатия ва халқаро ҳуқуқ йўналишида таҳсил олаётган талабалар ҳамда амалиётчи мутахассислар учун муҳим манба бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
Шунингдек, китобда дипломатик протоколнинг халқаро стандартлари, ишбилармонлик этикети, расмий учрашувлар ва қабул маросимларини ташкил этиш, халқаро мулоқот маданияти, новербал коммуникация ҳамда бошқарув фаолиятида зарур бўлган замонавий этикет қоидалари амалий мисоллар асосида баён этилган.
Муаллифларнинг қайд этишича, яқин кунларда китобнинг “Smartbook” шакли “Play Market” ва “App Store” каби электрон платформаларга жойлаштирилиб, фойдаланувчилар қўлланмани бепул юклаб олишлари мумкин бўлади.
Ў.Алимов, ЎзА