Диний соҳадаги давлат сиёсати Концепцияси жамоатчилик муҳокамасида такомиллаштирилди
Маълумки, “Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси жорий йилнинг 31 январь куни қуйи палата мажлисида биринчи ўқишда қабул қилиниб, 10 февралга қадар палата расмий веб-сайтига жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилган эди.
Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида бир гуруҳ депутатлар томонидан ташаббус қилинган ушбу қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Концепция лойиҳаси муҳокамалари юзасидан қуйи палатанинг Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Улуғбек Шерматов маъруза қилди:
— Концепция лойиҳаси бўйича муҳокамаларда барча юртдошларимиз катта қизиқиш билан иштирок этиб, ўз таклиф ва фикр-мулоҳазаларини билдирди. Жамоатчилик муҳокамаси жараёнида аҳолидан 400 тадан ортиқ изоҳлар, таклиф ва тавсиялар келиб тушди. 270 дан ортиғи Концепция лойиҳаси юзасидан ижобий фикрга асосланган.
Шунингдек, 3 февраль куни Қонунчилик палатасида ОАВ вакиллари учун матбуот анжумани ўтказилиб, ташаббускор депутатлар томонидан журналистларнинг лойиҳага оид саволларига жавоблар берилди.
6 февраль куни эса Қонунчилик палатасида юртимиздаги 16 та конфессия вакиллари билан Концепция лойиҳасининг муҳокамасига бағишланган учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда барча конфессиялар вакиллари Концепция лойиҳасини қўллаб-қувватлаб, унинг қабул қилиниши юртимизда динлар ва конфессиялараро тотувликни таъминлашга, тинчлик ва барқарорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини қайд этдилар.
Лойиҳа юзасидан илмий-тадқиқот муассасалари, фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан Парламент тадқиқотлари институти, Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази ва бошқа бир қатор ташкилотлар томонидан ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Келиб тушган изоҳ, таклиф ва тавсиялар ишчи гуруҳ ва қўмитамиз томонидан атрофлича ўрганиб чиқилди. Кенг жамоатчилик муҳокамалари давомида фуқароларимиз Жаҳонгир Сафаев, Аҳмаджон Орипов, Амрулло Тўхлибоев, Шаҳнозахон Ғаффорова ҳамда Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан билдирилган таклифлар асосида Концепциянинг 10 дан ортиқ бандларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида лойиҳага киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар: турли конфессиялар ўртасида ўзаро мулоқотни ўрнатиш, конфессиялараро тотувлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, Ўзбекистон халқининг динларга оид маданияти ҳамда ислом цивилизациясининг ёрқин ютуқлари сифатида тан олинган буюк мутафаккир ва олимларнинг диний-фалсафий меросини, қўлёзма манбаларни ўрганиш бўйича илмий-амалий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, хотин-қизларнинг таълим олиши учун кенг шарт-шароитлар яратиш ҳамда уларни илм-фанга фаол жалб этиш орқали уларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий фаоллигини ошириш каби масалаларга қаратилди, — деди маърузачи.
Мажлисда қонун лойиҳаси ҳамда Концепция лойиҳаси бандма-банд муҳокама этилиб, депутатларнинг саволларига атрофлича жавоблар берилди. Муҳокамалар давомида сиёсий партиялар фракциялари раҳбарлари сўзга чиқиб, Концепция давлатчилигимиз ривожининг бой миллий-тарихий тажрибасига ва умуминсоний қадриятларга таянган ҳолда ишлаб чиқилганини алоҳида қайд этдилар.
Муҳокама ва муносабатлардан сўнг мазкур Концепция ва уни тасдиқлаш ҳақидаги қонун лойиҳаси қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА