Ўзбекистоннинг аграр соҳадаги ислоҳотлари халқаро майдонда эътироф этилди
Дунёда озиқ-овқат хавфсизлиги тобора долзарб масалага айланаётган бир пайтда қишлоқ хўжалигида илмий ютуқлар, илғор тажриба ва халқаро ҳамкорликнинг аҳамияти ортиб бормоқда.
Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Жаҳон озиқ-овқат мукофоти жамғармаси (World Food Prize Foundation) тадбирларида иштирок этиш мақсадида айни пайтда АҚШда ишчи ташриф билан бўлиб турибди.
Ташриф доирасида вазир Жаҳон озиқ-овқат мукофоти жамғармаси президенти Машал Ҳусаин билан учрашди. Мулоқот давомида глобал озиқ-овқат хавфсизлиги, соҳада мавжуд долзарб муаммолар ҳамда уларни бартараф этишда халқаро ҳамкорликнинг аҳамияти муҳокама қилинди. Учрашувда Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар алоҳида эътироф этилди. Томонлар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш, озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, илмий-амалий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш йўналишларида ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди.
Шунингдек, Иброҳим Абдураҳмонов Нобел мукофоти лауреати ва Жаҳон озиқ-овқат мукофоти асосчиси Норман Борлаугнинг қизи Жини Борлауг Лаубе билан учрашди. Суҳбат чоғида Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Ўзбекистоннинг халқаро ташаббуслардаги иштироки, шунингдек, мамлакатимиз вакилининг нуфузли халқаро мукофотлардан бирига сазовор бўлгани эътироф этилди.

Жини Борлауг Лаубе билан суҳбатда Марказий Осиё давлатларининг, жумладан, Ўзбекистоннинг халқаро ташаббуслардаги иштироки ва мамлакатимиз вакилининг нуфузли халқаро мукофотлардан бирига сазовор бўлгани юқори баҳоланди.
Ўзбекистон ва Жаҳон озиқ-овқат мукофоти жамғармаси ўртасидаги мулоқот қишлоқ хўжалигида илмий тажриба алмашиш, озиқ-овқат сифати ва хавфсизлигини яхшилаш ҳамда янги ташаббусларни ривожлантириш учун имконият яратади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА