Депутат сайловчилари ҳузурида
Айни кунларда парламент қуйи палатаси депутатлари ўз сайланган округларида бўлиб, аҳоли билан мулоқотлар ўтказишмоқда.
Ўзбекистон “Адолат” СДПдан сайланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Олтиной Мамирова ҳам сайловчиларнинг мурожаатлари билан ишлашга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Жалақудуқ тумани ҳокимлигида ташкил этилган қабулда фуқаролар ўзларини қийнаётган бир қатор муаммолар билан халқ вакилига мурожаат қилди.
“Қораянтоқ” маҳалла фуқаролар йиғини, Янги турмуш кўчасида яшовчилар номидан келган фахрийлар давлатимизнинг бугунги сиёсати, амалга оширилаётган ислоҳотлардан хурсанд. ОАВ орқали республикамиздаги янгиликларни кузатиб, эртанги кунимиз янада фаровон бўлишидан кўнгиллари тўқ. Бироқ уларни ўйлантираётган масалалар ҳам йўқ эмас.
– Сайловлар олдидан ўтказилган учрашувларда сиёсий партияларнинг дастурлари билан яқиндан танишганмиз. “Адолат”чиларнинг халқчил ғоялари бизга маъқул бўлганди, – дейди маҳалла фаоли Ойистахон Бердиқулова. – Жумладан, ёшлар ва таълим масаласига қаратилган ғоялари жуда ўринли. Бугун бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларда уларнинг иштироки ва ўрни катта. Шу сабаб биз айни шу масалада ўз вакилимизга мурожаат қилдик. Ҳудудимизда илгари 1 та давлат мактабгача таълим ташкилоти бор эди. Эскиргани сабабли бу жойдан фойдаланилмаётгани учун тадбиркорга берилган. Энди болаларимиз учун МТТ йўқ. Жойларда замонавий мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилаётганини кўриб, бизнинг фарзандларимиз ҳам шундай жойларда тарбия олса, деймиз.
Яна бир неча маҳалла фаоллари бу таклифни қўллаб-қувватлади. Уларнинг ҳисоби бўйича, шу кўчада яшовчи 120 нафар бола МТТга қатнаши мумкин. Депутат О.Мамирова бу масалани алоҳида назоратга олишини билдирди.
Учрашувда аҳоли томонидан билдирилган 5 та муаммо жойида ҳал этилди. Қолган муаммолар ечимини депутат ўз назоратига олди.
Депутатнинг ҳудуддаги мулоқотлари давом этяпти.
ЎзА