Депутат ўрганишлари натижадорликка қаратилди
Бугун экологик барқарорликни таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва аҳоли учун муносиб яшаш шароитларини яратиш бир-бири билан чамбарчас боғлиқ вазифалардир. Бу жараёнда нафақат давлат идоралари, балки жамоатчилик, айниқса, ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади. Зеро, табиатга муносабат, экологик маданият ва атроф-муҳитга масъулият билан ёндашиш келажак авлод ҳаётини белгилайдиган муҳим омиллардан биридир.
Шу нуқтаи назардан қараганда, Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари ўринбосари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ойбек Раҳимовнинг Бухоро вилоятига ташрифи давомида экологик таълим-тарбия, ижтимоий соҳа муассасалари фаолияти ҳамда яшил ҳудудларни асраб-авайлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Дастлаб, Бухоро давлат техника университетида талаба-ёшлар иштирокида очиқ мулоқот ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Экологик партияси Бухоро вилоят Кенгаши раиси ўринбосари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Жаҳонгир Шарипов ҳам иштирок этди.
Мулоқотда мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик маданиятни юксалтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда лойиҳаларнинг аҳамияти хусусида сўз юритилди. Айниқса, ёшларнинг экологик муаммолар ечимидаги иштироки, уларнинг янги ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, табиатни асрашга қаратилган лойиҳаларга кенг жалб этиш масалалари муҳокама марказида бўлди.

Талабалар миллий қонунчилик, экологик ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирларга доир саволлар билан мурожаат қилишди. Депутат уларнинг саволларига жавоб бериб, экологик муаммоларга бефарқ бўлмаслик, ҳар бир фуқаро ўз яшаш муҳити учун масъулиятни ҳис қилиши зарурлигини таъкидлади.
Ташриф доирасида Когон туманидаги 4-сон умумтаълим мактаби фаолияти ҳам ўрганилди. Таълим муассасасида ўқувчилар учун яратилган шароитлар, таълим сифатини ошириш борасидаги ишлар ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати кўздан кечирилди.
Шунингдек, мактаб ҳудудини ободонлаштириш, мавжуд яшил майдонларни асраб-авайлаш ва кўкаламзорлаштириш ишлари юзасидан педагоглар билан фикр алмашилди. Ўрганиш жараёнида ўқувчилар учун қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида енгил конструкцияли ошхона ва тадбирлар залига эҳтиёж мавжудлиги маълум қилинди. Депутат ушбу масалалар юзасидан тегишли масъул ташкилотларга таклифлар киритишини билдирди.
Тутқунда оилавий шифокорлик пунктидаги ўрганишлар эса бирламчи тиббий хизмат сифати ва тиббиёт муассасасининг мавсумий тайёргарлигига қаратилди. Муассаса масъуллари билан аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш, патронаж ҳамшираларининг хонадонбай ишлаш тизими, ҳомиладор аёллар, кексалар ва диспансер назоратидаги беморлар саломатлигини мунтазам кузатиб бориш масалалари муҳокама қилинди.

Шу билан бирга, ҳисобда турувчи беморларни зарур дори-дармон воситалари билан таъминлаш, бинонинг санитария-гигиена ҳолати, тиббиёт ходимлари ва беморлар учун яратилган шароитлар ҳамда иситиш тизимининг мавсумга тайёрлиги кўздан кечирилди. Депутат томонидан тиббиёт муассасасида коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш юзасидан тегишли тавсия ва тушунтиришлар берилди.
Ташрифнинг энг эътиборли йўналишларидан бири Когон туманидаги “Янги ҳаёт” маҳалласи ҳудудида барпо этилган “Яшил жамоат парки”да ўтказилган мониторинг бўлди.
Давлат раҳбари ташаббуси билан илгари сурилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси замирида ҳам айнан шундай эзгу мақсад — юртимизда яшил ҳудудларни кенгайтириш, экологик мувозанатни сақлаш ва аҳоли учун соғлом яшаш муҳитини яратиш ғояси мужассам. Шу маънода, экилаётган ҳар бир кўчатнинг кейинги тақдири, унинг парвариши ва сақланиши амалга оширилаётган ишларнинг ҳақиқий самарасини белгилайди.
Умумий майдони 6 гектарни ташкил этувчи жамоат парки ҳудудига 3,5 минг тупдан ортиқ маҳаллий иқлим шароитига мос манзарали кўчат экилган. Мониторинг давомида садақайрағоч, қайрағоч, каталпа, ясен ва бошқа турдаги дарахтлар, бута ҳамда ярим буталарнинг ҳолати ўрганилди. Кўчатлар парвариши талаб даражасида ташкил этилгани, дарахтларнинг қуриб қолиш ҳолатлари кузатилмагани қайд этилди.
Паркда аҳоли дам олиши учун йўлакчалар, ўриндиқлар, чиқинди қутилари ўрнатилгани, мусиқали фаввора барпо этилаётгани ҳам ҳудуднинг нафақат экологик, балки ижтимоий аҳамиятини ҳам оширмоқда. Бу каби масканлар одамларни табиат қўйнида ҳордиқ чиқаришга, яшил муҳитни қадрлашга ва уни асраб-авайлашга ундайди.

Шу билан бирга, парк масъулларига экилган кўчатлар парваришини тизимли давом эттириш, сув тежовчи технологияларни кенг жорий қилиш ва дарахтларни зараркунандалардан ҳимоялаш чораларини кучайтириш бўйича тавсиялар берилди.
Умуман, ташриф давомидаги учрашув ва ўрганишлар экологик масалалар фақат кўкаламзорлаштириш ёки дарахт экиш билан чекланмаслигини яна бир бор кўрсатди. Бу — ёшларда табиатга дахлдорлик туйғусини шакллантиришдан тортиб, таълим ва тиббиёт муассасаларида қулай муҳит яратиш, аҳоли саломатлигини асраш ҳамда жамоат жойларини ободонлаштиришгача бўлган кенг қамровли жараёндир.
Энг муҳими, амалга оширилаётган ҳар бир ташаббуснинг самараси унинг давомийлиги ва натижадорлиги билан ўлчанади. Экилган кўчатнинг кўкариши, яратилган шароитнинг аҳоли манфаатига хизмат қилиши, ёшларнинг экологик ташаббусларда фаол бўлиши эса ана шу мақсадларга эришишнинг муҳим кўрсаткичидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири