Депутат маҳкум ёшлар билан мулоқот ўтказди
Андижонда “Инсон ҳуқуқлари ва ижтимоий адолат: жамиятга қайта мослашишнинг ҳуқуқий кафолатлари” мавзусида “Омбудсман мактаби” машғулоти доирасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон халқ демократик партияси фракцияси аъзоси Гулнорахон Абдувоҳидова ҳамда Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили(Омбудсман)нинг Андижон вилоятидаги минтақавий вакили Жасурбек Иброҳимов вилоятдаги тергов ҳибсхонасида сақланаётган ёшлар билан учрашди.
Ёш маҳкумлар билан мулоқотда уларнинг касб-ҳунар эгаллаши ва муносиб ҳаётга қайтиши, жамиятга қайта мослашуви борасидаги имкониятлар, улардан самарали фойдаланиш хусусида сўз юритилди.

Шунингдек, мулоқот давомида “Иккинчи имкон”, “Омбудсман мактаби” лойиҳаларининг самаралари, “Янги Ўзбекистон ёшлари – 2030” стратегияси ҳамда ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор ҳужжатлар ҳақида кенг маълумотлар берилди.

Учрашувда юртимиздаги миллати, дини, ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар ҳар бир ёш – жамиятнинг ажралмас қисми, билиб-билмасдан қилинган турли хатолар оқибатида оғир вазиятда қолган инсонлар эса ўзгариши, ўз ҳаётини янгитдан бошлаш ва келажагини барпо этиш имконига эга эканлиги қайд этилди.

Депутат томонидан ёшларга берилаётган кенг имкониятлар билдирилаётган ишонч – Янги Ўзбекистоннинг эртаси учун қўйилаётган муҳим қадамлардан бири бўлиши таъкидланди.
Учрашув давомида ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга Олий Мажлис депутати ва омбудсман вакилидан батафсил жавоблар олди.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА мухбири.