Депутат кўмагида муаммолар ҳал бўлмоқда
Шунингдек, клиника қошида УЗИ ва диагностика марказининг фаолияти ҳам йўлга қўйилган.
«Сиркардиосервис» масъулияти чекланган жамияти раҳбари, Сирдарё туман Кенгаши депутати, ёш тадбиркор Жўрабек Сангинов билан ўтган онлайн-мулоқот жонли савол-жавобларга бой бўлди.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон Либериал демократик партияси Сирдарё вилояти кенгаши Бизнес тузилмалари ва фермерлар ҳамда ёшлар билан ишлаш бўлимлари томонидан ташкил этилган навбатдаги онлайн-мулоқотда партиянинг вилоят, туман, шаҳар кенгашлари фаоллари, тиббиёт вакиллари, ёшлар ва аҳоли вакиллари иштирок этди.
Дастлаб, Жўрабек Сангинов ўзи раҳбарлик қилаётган «Сиркардиосервис» МЧЖ ва унга қарашли хусусий тиббиёт клиникасининг фаолияти тўғрисида иштирокчиларга атрофлича маълумот берди.
Сирдарё туманида фаолиятини 3 нафар тиббиёт ходими билан бошлаган мазкур тиббиёт маскани тез орада нафақат туман аҳолиси, балки Республикамизнинг қатор вилоятлари ҳамда қўшни Қозоғистон Республикаси аҳолисининг ҳам ишончини қозона олди.
Вақт ўтган сари хусусий тиббиёт муассасасини янада кенгайтириш мақсадида амалиётга энг сўнгги русумдаги тиббиёт жиҳозларини татбиқ қилиш баробарида 40 ўринли маскан ёнидан яна бир муҳташам бино қад ростлади. Тиббиёт муассасаси кўп тармоқли клиникага айлантирилиб, ходимлар сони 40 нафарга етказилди. Уларнинг 10 нафари олий тоифали врач. Муассасада меҳнат қилаётган шифокорларнинг 35 нафарини хотин-қизлар ташкил этади.
Хусусий клиникада беморлар малакали кардиолог, терапевт, эндокринолог, невропатолог, хирург каби ўндан зиёд олий тоифали врачлар кўригидан ўтиши мумкин. Шунингдек, клиника қошида УЗИ ва диагностика марказининг фаолияти ҳам йўлга қўйилган. Клиникада Жанубий Корея, Германия ҳамда Хитой давлатларида ишлаб чиқарилган янги русумдаги тиббий жиҳозлар ўрнатилган.
Шу ўринда, клиника бош врачи, «1-даражали Соғлом авлод учун» ордени соҳиби Маъруф Сангинов, кардиолог Нодира Эрматова, терапевт Маҳмуд Йўлдошевларнинг беморларга кўрсатаётган муолажаларидан дардига даво топаётганлар алоҳида эътироф этиб ўтди. Хусусий тиббиёт масканида қисқа фурсат давомида қарийб 1000 нафардан ортиқ беморни даволади.
Онлайн-мулоқот вақтида иштирокчилар нафақат тиббиёт муассасаси, балки, Жўрабек Сангиновнинг туман Кенгаши депутати сифатида ҳам олиб бораётган ишлари билан қизиқди. Жўрабек тумандаги 20 нафар депутатнинг энг ёши. Унинг «Саховат ва кўмак» дастури доирасида амалга оширган хайр-саховат ишлари ҳам ибратга лойиқ.
Жўрабек Сангинов депутат сифатида тумандаги сайловчилардан тушаётган муаммоларни баҳоли қудрат ҳал қилиб келаяпти. Туман ҳудудидаги кўп қаватли уйларнинг атрофини ободонлаштириш, уй атрофида болалар ўйин майдончаси, замонавий ҳожатхона қурилиши, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда уй-жойсиз фуқаролар истиқомат қилаётган 3 қаватли бинони таъмирлаш ишлари, айнан унинг саъйи ҳаракатлари билан амалга оширилди.
– Ушбу хусусий тиббиёт муассасасида кўпчиликнинг эътиборини тортган яна бир жиҳат – бу кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, оиласида ногиронлиги бор ва якка-ёлғиз қариялар қатлами 50 фоизли чегирма билан муолажа олаётганидир, – дейди OʼzLiDeP Сирдарё вилояти кенгаши Ёшлар билан ишлаш бўлими мудири Ҳусанхон Жабборов. – Яна бир қувонарли тарафи, OʼzLiDeP тавсифномаси билан келган партия фахрийлари ва фаолларига ҳам худди ана шундай имтиёз бор экани ва бундан бизни кўнглимиз янада кўтарилди.
Тадбир сўнгида, «Сиркардиосервис» МЧЖ раҳбари, Сирдарё туман Кенгаши депутати Жўрабек Сангинов онлайн-мулоқот иштирокчиларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоб берди. Боёвут туманидан онлайн-мулоқотда иштирок этган партия фаолларининг ўз ҳудудларида клиниканинг филиалини очиш тўғрисидаги билдирган таклифига ёш тадбиркор, карантин талаблари бироз юмшаши билан у ерда қурилиш ишларини бошлашга ваъда берди.


Дилором ЭСОНОВА,
OʼzLiDeP Сирдарё вилояти
кенгаши матбуот котиби.