Демократик қадриятлар ижтимоий-иқтисодий юксалишнинг ўзаги ҳисобланади
Муносабат
Мамлакатимизда референдум асосида амалга оширилган конституциявий ислоҳотлар инсон ҳуқуқлари ҳимояси, қонун ва одил судлов устуворлиги, ижтимоий сиёсатни кучайтиришда муҳим қадам бўлди. Конституцияда Ўзбекистон “суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат”деб белгиланди.
Дарҳақиқат, демократик жамиятнинг муҳим белгиларидан бири, бу – барчанинг қонун олдида тенглиги, конституциявий меъёр ва тамойилларнинг барча жабҳада устунлигида намоён бўлади.
Бундай жамият қуриш учун мамлакатда қабул қилинаётган қонунлар адолатли бўлиши ва халқ манфаатларини ифода этиши лозим. Бундай қонунларга оғишмай итоат этилсагина жамиятда демократик муҳит қарор топади.
Адолат принципига асосланган қонунларнинг ҳаётга татбиқ этилиши инсон қадр-қимматини улуғлайди. Шу маънода мамлакатимизда қонунийлик ва қонун устуворлигини таъминлашнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмлари яратилган. Биринчидан, қонунларнинг бажарилиши устидан парламент, жамоатчилик ва идоравий ҳамда адлия органларининг назорати ўрнатилган. Иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятларнинг ҳужжатлари Конституцияга қанчалик мослигига доир ишларни кўриши белгилаб қўйилган.
Учинчидан, ҳар бир шахс ўзининг қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоялаш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга. Тўртинчидан, қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилиши устидан прокурорлик назорати мустаҳкамланган.
Умуман олганда, қонун устуворлиги ҳар бир инсонга ўз ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари қонунан кафолатлангани туфайли тинч, осойишта, хотиржам, ҳеч қандай ташқи таъсирлардан, зўравонлик ва ўзбошимчаликлардан қўрқмай яшаш имкониятини беради. Бундай жамиятда одил судлов мустақил бўлиб, самарали амалга оширилади.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 8-моддасида “Ҳар бир инсон унга Конституция ёки қонун орқали берилган асосий ҳуқуқлари бузилган ҳолларда нуфузли миллий судлар томонидан бу ҳуқуқларнинг самарали тикланиши ҳуқуқига эга” деб қайд этиб қўйилган. Мазкур халқаро стандарт Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам ўз ифодасини топган. Конституцияга кўра, ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, мансабдор шахсларнинг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланган.
Шуни айтиш жоизки, мамлакатимизда конституциявий шикоят институти жорий этилиши инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш тизимини янги даражага кўтарди.
Янги таҳрирдаги Конституциянинг 133-моддаси иккинчи қисмига биноан, фуқаролар ва юридик шахслар, агар суд орқали ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, судда кўриб чиқилиши тугалланган муайян ишда суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги шикоят билан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига мурожаат қилишга ҳақли экани мустаҳкамланди.
Конституциявий шикоят институти инсон ҳуқуқ ва эркинликларини бузаётган қонунни Конституцияга мувофиқлигини аниқлашга қаратилган бўлиб, шикоят фуқаролар ва юридик шахсларни қонуннинг Конституция принциплари ва нормаларига мувофиқлигини текшириш сўрови билан бевосита конституциявий назорат органига мурожаатини билдиради. Конституциявий судга мурожаат қилишнинг пировард мақсади муайян қонун нормасини Конституцияга мувофиқ ёки мувофиқ эмаслигини аниқлашдан иборатдир.
Шу ўринда фуқаро ва юридик шахслар Конституциявий суд ваколатига киритилган бошқа масалалар юзасидан мурожаат қилиш ҳуқуқи чегараланганми, деган ҳақли савол туғилади. Бунга жавобан таъкидлаш жоизки, бундай ҳолларда фуқаро ва юридик шахслар Конституциявий судга мурожаатларни Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар орқали киритиши мумкин. Мазкур субъектлар “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонуннинг 27-моддаси биринчи қисмида кўрсатиб ўтилган.
Шу жумладан, Конституциявий қонуннинг 86-моддасига мувофиқ, конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари муайян ишда қўлланилган ва Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ бўлмаган қонунда бузилган, деб ҳисобловчи фуқаролар ҳамда юридик шахсларнинг шикоятлари, агар судда ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, судда ишни кўриб чиқиш тугаган кундан эътиборан бир йилдан кечиктирмай берилади.
Ўз навбатида мамлакатимизда конституциявий шикоят институтининг татбиқ этилиши конституциявий суд фаолиятини такомиллаштиришга туртки берди. Шунингдек, қонунларнинг сифати ва самарадорлиги, уларнинг конституциявийлигини, давлат ва жамият ҳаётини янада демократлаштиришни таъминлашга хизмат қилиши билан ғоятда аҳамиятлидир.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, қабул қилинаётган қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар адолатга, инсон ҳуқуқи ва манфаатларига асосланган бўлса, шу давлатда демократик қадриятлар барқарор суръатда ривожланади. Демократик қадриятлар эса ижтимоий-иқтисодий юксалишнинг ўзаги ҳисобланади. Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг мазмун-моҳиятан мана шу ҳақиқатга асосланади.
У.Ғиёсов,
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди бош консультанти.
ЎзА