“DeepSeek” янги AI моделларини тақдим этди
Хитойда "DeepSeek" янги сунъий интеллект моделларини тақдим этди. Бу тизимлар "OpenAI" ва "Google" каби гигантлар билан рақобатлаша оладими? Очиқ кодли технология ва моделларнинг янги имконияти кишини ҳайратга солади.
Хитойнинг “DeepSeek” компанияси сунъий интеллектга асосланган чатботнинг янги русумини тақдим этди. “DeepSeek-V4-Pro” ва “DeepSeek-V4-Flash” моделлари АҚШнинг “OpenAI”, “Google” каби етакчи технология компаниялари билан рақобатлашиши таъкидланган. Бу ҳақда CNN хабар берган. Янги моделлар очиқ кодли (open-source) тамойил асосида ишлайди. Бу эса дастурчиларга манба кодини эркин ишлатиш ва ўзгартириш имконини беради.
Компания маълумотига кўра, “DeepSeek-V4-Pro” математика ва дастурлаш соҳасида барча очиқ моделлардан устун. Умумий билим даражаси бўйича фақат “Gemini 3.1-Pro” моделидан бироз ортда қолади. Шунингдек, “Pro” версияси “GPT-5.4” ва “Gemini 3.1-Pro” каби илғор моделлардан жуда кам фарқ қилиши қайд этилган. “Flash” версияси эса “Pro” моделига яқин фикрлаш қобилиятига эга бўлиб, жавоб бериш тезлиги юқори, фойдаланиш нархи анча арзон.
Бу янгилик 2025 йил январь ойида тақдим этилган “DeepSeek-R1” модели катта шов-шувга сабаб бўлгандан сўнг эълон қилинди. Ўшанда қурилманинг имконияти “ChatGPT” ва “Gemini” моделларига яқин баҳоланган. Таниқли сармоядор Марк Андриссен ушбу моделни “сунъий интеллект соҳасидаги Спутник лаҳзаси” деб атаган.
“DeepSeek” моделига қизиқишнинг яна бир сабаби яратиш учун сарфланган харажат нисбатан камлиги ҳисобланади. Компания маълумотига кўра, сарф 6 миллион доллардан кам. Айрим таҳлилчилар мазкур маълумотга шубҳа билан қараб, стартапга амалда кўпроқ молиявий ресурс жалб қилингани, жараёнда илғор чипдан фойдаланилгани таъкидланмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА