Computex’да келажак намойиш этилди
Тайванда ўтган “Computex 2026” технологик кўргазмаси бу йил нафақат сунъий интеллект, балки робототехника ва ҳарбий технологиялардаги сўнгги ютуқлар билан ҳам эътибор марказида бўлди.
Тадбирда кундалик ҳаётни ўзгартириши мумкин бўлган ўнлаб инновацион ишланмалар намойиш этилди. Улар орасида кофе тайёрлайдиган роботлардан тортиб, жанговар дронлар ва ўз-ўзидан ҳаракатланадиган шахмат доналаригача бор.

Кўргазманинг энг қизиқ экспонатларидан бири “Ella” номли робот-бариста бўлди. У мижозлар билан мулоқот қилиши, буюртмаларни қабул қилиши ва кофе тайёрлаши мумкин. Ишлаб чиқувчиларнинг таъкидлашича, тизим бир вақтнинг ўзида бир нечта сунъий интеллект агентлари орқали бошқарилади.
“Foxconn” компанияси эса саноат ва тиббиёт учун мўлжалланган роботларини тақдим қилди. Улардан бири бир қўли билан пармалаш, иккинчиси билан эса буюмларни кўтариш имкониятига эга. Яна бир робот жарроҳлик амалиёти вақтида шифокорга керакли асбобларни узатиб туриш вазифасини бажаради.
Кўргазмада мудофаа технологиялари ҳам алоҳида ўрин эгаллади. “Nvidia” чиплари билан жиҳозланган дронлар ва учувчисиз сув усти аппаратлари намойиш қилинди. Шунингдек, Тайван миллий мудофаа тадқиқот институти сунъий интеллект ёрдамида ҳаракатланувчи робот-итларни ҳам кўрсатди.

Тил тўсиқларини йўқотишга қаратилган янги қурилмалар ҳам меҳмонлар қизиқишини уйғотди. “Transbuds” компанияси ишлаб чиққан махсус қулоқчинлар суҳбатларни реал вақт режимида таржима қилиш имкониятини беради. Технология ҳатто овозни бошқа тилда тақлид қилиш хусусиятига ҳам эга.
Кўргазмада ғайриоддий дизайнли компьютер корпуслари ва электрон шахмат тўпламлари ҳам намойиш этилди. Хусусан, сунъий интеллект ёрдамида доналари мустақил ҳаракатланадиган шахмат столи кўпчилик эътиборини тортди. Мутахассислар фикрича, тақдим этилган технологиялар келгуси йилларда кундалик ҳаётнинг ажралмас қисмига айланиши мумкин.
Мусулмон Зиё, ЎзА