Рақамли санитария назорати: янги платформа ортиқча овворагарчиликларга чек қўяди
Бугунги тезкор даврда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва санитария-гигиена талабларига риоя этиш жараёнларини замон талабларига мослаштириш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Айниқса, хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш соҳаларида санитария маданиятини юксалтириш тўғридан-тўғри инсон ҳаёти ва соғлиғи билан боғлиқ масаладир. Шу боис, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси томонидан соҳага замонавий рақамли ечимларнинг татбиқ этилиши тизимдаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва назорат механизмини янги босқичга олиб чиқишда муҳим қадам бўлди. Бунинг амалий ифодаси сифатида фуқароларни гигиеник ўқитиш ва тарбиялашга мўлжалланган https://study.sanepid.uz онлайн платформасининг ишга туширилишини кўрсатиш мумкин.
Гигиеник тайёргарликдан ўтиш фуқароларнинг соғлиғига бевосита таъсир қилиши мумкин бўлган муайян, яъни декретив касб эгалари учун мажбурий ҳисобланади. Шу пайтгача ушбу жараёнлар маълум даражада вақт йўқотишлари ва қоғозбозлик билан боғлиқ бўлган бўлса, янги платформа бу муаммоларга чек қўйиб, жараённинг тўлиқ рақамлаштирилишини таъминлайди.
Ҳозирги босқичда мазкур платформа орқали аҳоли саломатлиги занжирида энг юқори хавф гуруҳига кирувчи гўшт ва гўшт маҳсулотлари, сут ва сут маҳсулотлари, нон ва ун маҳсулотлари, шунингдек, озиқ-овқат қўшимчалари, биологик фаол қўшимчалар (БФҚ) ҳамда тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг мансабдор шахслари ва ходимлари ўқитилади. Бунинг учун соҳа мутахассислари томонидан махсус касбий-гигиеник ўқув қўлланмалари ишлаб чиқилган бўлиб, улар масофавий таълим тизимига тўлиқ мослаштирилган.
Инновацион платформанинг таҳлилий устуворлиги шундаки, унда таълим олиш ва назорат қилишнинг яхлит занжири яратилган. Тизим санитария-гигиена бўйича махсус ўқув курслари, билимларни реал вақт режимида баҳоловчи интерактив тест синовлари ҳамда масофавий ўқитиш имкониятларини ўз ичига олади. Энг эътиборли жиҳати, ўқишни муваффақиятли якунлаганлар учун QR-кодли сертификатларни автоматик шакллантириш тизими жорий этилган. Бу инсон омилини камайтириб, ҳужжатларни сохталаштириш хавфини мутлақо йўққа чиқаради.
Шу муносабат билан, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси юртимизда фаолият юритаётган ташкилот ва корхона раҳбарларини ушбу платформа орқали ҳамкорлик қилишга чақиради. Мазкур ҳамкорлик доирасида иш берувчилар учун бир қанча иқтисодий ва ташкилий қулайликлар тақдим этилади. Хусусан, ходимлар ишдан ажралмаган ҳолда, платформада мавжуд бўлган тайёр ўқув курслари орқали мустақил равишда ўқитилиши мумкин. Шу билан бирга, корхона раҳбарияти учун оммавий рўйхатдан ўтказиш ва ўқитиш жараёнларини ички мониторинг қилиш тизими йўлга қўйилиб, корхона кесимида батафсил ҳисоботлар ва аналитик маълумотлар тақдим этиб борилади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА