Чорвачилик ва наслчилик соҳасида халқаро ҳамкорлик кенгаймоқда
Мамлакатимизда чорвачилик ва наслчиликни ривожлантириш, аҳолини сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш, шунингдек, соҳа самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу йўналишда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва илғор тажрибаларни жорий этиш муҳим устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган.
Шу мақсадда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси томонидан хорижий давлатларнинг етакчи ташкилотлари билан ўзаро алоқалар фаоллаштирилмоқда. Хусусан, 20 апрель куни қўмита раиси ўринбосари Фахриддин Бобоев ҳамда Австрия қишлоқ хўжалиги кластери бош директори Ҳ. Виэзер ўртасида учрашув бўлиб ўтди, дейилади Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси маълумотида.

Учрашувда чорвачилик ва наслчилик соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда илмий-амалий тажриба алмашувини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди. Жумладан, Австриянинг гўшт ва сут йўналишида юқори маҳсулдорлиги билан ажралиб турувчи Симментал зотини, унинг уруғи ва эмбрионини Ўзбекистонга олиб кириш ҳамда шу асосда қўшма наслчилик лойиҳаларини амалга ошириш бўйича фикр алмашилди.
Шунингдек, соҳа мутахассисларининг малакасини ошириш, замонавий технологиялар ва илғор хорижий тажрибаларни амалиётга жорий этиш, наслчилик ишларини илмий асосда такомиллаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Музокаралар якунида бу йўналишларда ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича ўзаро келишувларга эришилди.
М.ҲОЖИАКБАРОВА, ЎзА