Чон Нам Хо: Ўзбек-корейс алоқалари тарихий илдизларга эга
Жанубий Корея Туризм вазирлиги таълим ташкилоти вакиллари Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги Шаҳанд қишлоғи ҳудудида, Сирдарёнинг ўнг соҳилида жойлашган кўҳна Ахсикентга саёҳат уюштирди.
– Буюк ипак йўли ёқасидаги қадим Ахсикент харобалари узоқ вақтдан буён тарихшунос олимларни қизиқтириб келади, – дейди кореялик мутахассис Чон Нам Хо. – Бу ерда ўзбек-корейс алоқаларига оид кўплаб артефактлар борлиги бизни қувонтирди. Ўзаро илмий ҳамкорликни йўлга қўйишимиз керак. Тарихга эътиборли юртнинг келажаги порлоқдир. Ахсикент мисолида гувоҳ бўлганимиздек, Наманганда бу борада амалга оширилаётган ишлар эътирофга сазовор. Бизда қадимий Шилла давлати билан боғлиқ тарихий маскан бор. Умуман, бир-бирига ўхшаш тош ҳайкаллар мамлакатларимиз ҳамкорлиги илдизи минг йилларга бориб тақалишидан далолат.

Археологик изланишлар ушбу алоқаларни топилмалар орқали исботламоқда. Масалан, иншоот ва биноларни тагидан иситиш тизими минг-бир ярим минг йил аввал Кореяда қўллангани тарихий ҳақиқат. 2023 йил эса Ахсикент археология боғида олиб борилган қазишмалар чоғида ҳам худди шундай тизимлар топилди.

Таъкидлаш жоиз, Ахсикентда барпо этилаётган очиқ осмон остидаги музейлар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Айни пайт Жанубий Корея мутахассислари билан янги барпо этилаётган мажмуалар фаолиятини рақамлаштириш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Шу пайтга қадар Жанубий Кореядан Ахсикентни кўриш учун келган сайёҳлар сони минг нафардан ошиб кетди.
М.Пирматова, ЎзА