Чўл-дашт ҳудудларида писта плантациялари кўпайтирилади
Ўзбекистонда чўл-дашт ва самарасиз ерларни ўзлаштириш ҳисобига йирик писта плантацияларини яратиш режалаштирилмоқда. Шу мақсадда 50 йиллик тажрибага эга эронлик мутахассислар жалб қилиниб, улар томонидан ушбу ўсимлик учун истиқболли ер майдонлари ўрганилмоқда.
Ўзбекистон ҳудудининг катта қисми, яъни 32 миллион гектардан ортиғи чўл ва ярим чўл зоналаридан иборат. Хусусан, писта плантацияларини ташкил этиш имкониятлари Бухоро вилоятининг Бухоро, Қоровулбозор туманлари ҳамда вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам ўрганилди. Эронлик мутахассислар Агросаноатни ривожлантириш агентлиги директори ҳамда Қоровулбозор тумани ҳокими ҳамроҳлигида писта плантациялари учун ажратилган ер майдонларини кўздан кечирдилар. Улар томонидан камида 5 минг гектар бўш майдонда пистанинг янги, серҳосил навини экиш режалаштирилмоқда. Ўсимлик кичик бўйли бўлади ва айнан шу жиҳати чўл ҳудудига мос келади. Кўчат Эрондан олиб келинади ва пистазорлар тўлиқ томчилатиб суғориш технологияси асосида суғорилади.

Ўрганиш давомида ҳудуддаги фойдаланилмаётган 20 минг гектар чўл-дашт ер майдонларининг тупроқ унумдорлиги ҳамда мавжуд сув манбалари кўздан кечирилди. Эронлик мутахассислар тупроқ ва сув намуналарини таҳлил қилиб, ижобий хулосага келишган. Эндиликда шунга мос серҳосил, экспортбоп навлар танлаб олинади. Ҳозирда жараёнлар ниҳоясига етай деб қолди.

Шу билан бирга, мазкур лойиҳа келгусида республикамизнинг писта етиштириш учун қулай бўлган ҳудудлар майдонини кенгайтириш ва чўл ҳудудларини ўзлаштириш имконини беради. Энг муҳими илм билан амалиёт уйғунлашган ушбу тажриба улкан иқтисодий самара бериши кутилмоқда.
Санжар Тошпўлатов, ЎзА