Чиқиндисиз келажак сари
“Халқаро чиқиндиларсиз кун” муносабати билан мамлакатимиз бўйлаб “Чиқиндисиз дунё учун!” шиори остида кенг кўламли эко-акция ташкил этилди. Мазкур тадбир Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятларда бир вақтнинг ўзида юқори уюшқоқлик ва фаоллик билан ўтказилди.
Эко-акцияда Чиқинди ҳамда Экология бошқармалари ходимлари, соҳада фаолият юритувчи мутахассислар, ўқувчи ёшлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, чиқинди билан ифлосланиш бугунги кунда бутун дунёда долзарб муаммолардан бирига айланмоқда.
Маълумотларга кўра, 2050 йилга келиб 308 млрд. тоннагача чиқинди ҳосил бўлиши тахмин қилинмоқда, шунинг учун атроф-муҳитни чиқиндилардан тозалаш ва уларни қайта ишлаш масаласига жиддий эътибор қаратиш лозим.

Ўтказилган акциядан ҳам мақсад белгиланган ҳудудни тозалаш билан бирга жамоатчилик эътиборини белгиланмаган жойларга чиқинди ташламаслик ва уларни тозалашга қаратиш, экологик маданиятни юксалтириш ҳамда табиатни озода сақлашни тарғиб қилишдан иборат.
Тадбир давомида атроф-муҳитни асраш, чиқиндиларни тўғри саралаш ва қайта ишлаш маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Амалга оширилган ишлар натижасида республика бўйлаб қарийб 20 та ҳудуд тозаланди. Жами 2 минг нафардан ортиқ иштирокчи томонидан 97 тонна 900 килограмм чиқинди йиғилиб, 40 та махсус техника ёрдамида белгиланган тартибда олиб чиқилди ва бартараф этилди.

Тадбир якунида энг кўп чиқинди тўплаган жамоалар муносиб рағбатлантирилди. Шунингдек, барча фаол қатнашчиларга эсдалик совғалари ва ташаккурномалар топширилди.

Бу каби эко-акциялар аҳоли ўртасида экологик маданиятни юксалтириш, табиатга эҳтиёткорона муносабатни шакллантириш ва соғлом муҳитни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА