Чад Халқаро Жиноят Судидан чиқишини эълон қилди
Чад Республикаси Халқаро Жиноят Судини (ХЖС) ташкил этувчи Рим статутидан чиқишини эълон қилди ва тузилмани Африкага нисбатан тарафкашликда айблади.
Таъкидланишича, жорий йил 27 июлда Чад ҳукумати Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котибига ва Рим статути депозитарийсига Халқаро Жиноят Судининг Рим статутидан чиқиш тўғрисидаги суверен қарори ҳақида хабар берган.
Ушбу қарор ХЖС фаолияти таҳлилидан сўнг қабул қилинган, Чад буни самарасиз ва Африкага нисбатан тарафкашлик деб билишини маълум қилди. Масалан, унда ХЖС терговларининг аксарияти Африка мамлакатларига тегишли эканлиги, бу ташкилот фаолиятининг сиёсийлаштирилганлигини кўрсатаётганига урғу берилган.
Шу билан бирга, Чад Ташқи ишлар вазирлиги Африка Иттифоқи доирасида халқаро адолат механизмларини яратишга чақирди.
Аввалроқ, Буркина-Фасо, Мали ва Нигер ҳам қўшма коммюнике тарқатиб, Рим статутидан чиқишини эълон қилган эди. Улар Халқаро Жиноят Суди уруш жиноятлари, инсониятга қарши жиноятлар, геноцид ва тажовузни эшитиш ва тергов қилиш қобилиятига эга эмаслигини таъкидлаганди.
С.Раҳимов, ЎзА