Ғазо шифохоналарида ёнилғи тугади: беморлар ҳаёти хавф остида
Исроил армияси зарбалари оқибатида вайрон бўлган Ғазо секторидаги шифохоналарда генераторлар учун зарур ёнилғи захираси тугади. Бу ҳақда “Анадолу” агентлиги хабар берди.
Ҳудуд соғлиқни сақлаш идораси билдиришича, танқислик сабаб, ҳатто, ишлаб турган генераторлар ҳам ишдан чиқмоқда. Шу тариқа мажмуаларнинг энг муҳим бўлимлари электр энергиясиз қолиши хавфи юзага келган.
Маълумотга кўра, Ғазодаги тиббиёт муассасалари узлуксиз ишлаши учун ойига 2 500 литр ёнилғи керак. Вақтинча ажратилаётган чекланган захира ускуналар барқарор ишлашини таъминлай олмаяпти. Техника тўхтовсиз ишлаётгани ва шошилинч таъмирга эҳтиёж кучлилиги сабаб сарф янада ортган. Шу боис барча халқаро ташкилотлар гуманитар бурчини бажаришга, касалхоналарни ёнилғи ва эҳтиёт қисм билан тезда таъминлашга чақирилган.
Ҳозир ҳудудда сақланиб қолган кам сонли тиббий муассасаларда беморлар ва ярадорларни даволашга мўлжалланган ускуналар фақат генераторлар берадиган ток эвазига ишлаяпти. Исроил томонидан инсонпарварлик ёрдами, дори-дармон ва ёнилғи киритилишига қўйилган чеклов ҳаётни сақлаб турувчи қурилмаларга муҳтож беморлар яшаб қолишини бевосита хавф остига қўймоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил октябрь ойидан бери давом этаётган ҳужумлар туфайли Ғазода 74 000 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган, 175 000 дан кўп одам яраланган. Ҳудуд инфратузилмасининг қарийб 90 фоизи батамом вайрон бўлган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА