Бугун қўйилаётган тамал тоши эртанги фаровонлик учун мустаҳкам пойдевордир
Президентимизнинг Тошкент вилоятига ташрифи мамлакат тараққиётининг бугунги босқичида алоҳида аҳамиятга эга бўлган стратегик воқеалардан бири сифатида эътиборга молик. Давлат раҳбари иштирокида транспорт инфратузилмаси, рақамли иқтисодиёт, инновациялар ва саноат соҳаларида қатор йирик лойиҳаларга старт берилгани Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар изчил ва аниқ мақсадларга қаратилганини яна бир бор тасдиқлади.
Энг аввало, Тошкент – Самарқанд пуллик муқобил автомагистрали қурилишига тамал тоши қўйилгани мамлакат транспорт тизимида янги даврни бошлаб бермоқда. Қиймати қарийб 2,2 миллиард доллар бўлган мазкур йирик лойиҳа нафақат икки шаҳарни тезкор боғлаш, балки иқтисодий фаолликни ошириш, логистика харажатларини қисқартириш ва ҳудудларнинг инвестициявий жозибадорлигини кучайтиришга хизмат қилади.
Бугунги кунда жаҳоншумул иқтисодиётда рақобат кўп жиҳатдан транспорт ва логистика самарадорлиги билан белгиланади. Шу нуқтаи назардан, янги автомагистраль мамлакатнинг халқаро транспорт йўлакларидаги ўрнини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Айниқса, “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” ҳамда Трансафғон темир йўллари билан уйғунликда мазкур замонавий йўл Ўзбекистоннинг минтақавий логистика марказига айланишида муҳим омил бўлиши кутилмоқда.

Ташриф давомида Нурафшон шаҳрида “Келажак технологиялари маркази”га асос солингани ҳам рамзий ва амалий аҳамиятга эга. Бугун дунёда иқтисодий устунлик табиий бойликлар эмас, балки билим, инновация ва сунъий интеллект имкониятлари билан белгиланмоқда. Шу маънода, таълим, илм-фан ва юқори технологияли ишлаб чиқаришни бирлаштирувчи мазкур марказ мамлакатнинг рақамли тараққиёти учун муҳим интеллектуал майдонга айланиши тайин.
Тошкент вилоятида Хитой, Россия ва Германия компаниялари иштирокида янги саноат қувватларига старт берилгани ҳам хорижий сармоялар оқими изчил давом этаётганини кўрсатади. Бу эса янги иш ўринлари, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилади.
Эътиборли жиҳати шундаки, ташриф доирасида бошланган барча лойиҳалар ягона мақсад — мамлакат иқтисодиётининг барқарор ўсишини таъминлаш, инсон капитали салоҳиятини юксалтириш ва Янги Ўзбекистоннинг рақобатбардош иқтисодиётини барпо этишга хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, Тошкент вилоятида бошланган янги лойиҳалар фақат йирик қурилишлар ёки сармоя ташаббуслари эмас, мамлакатнинг транспорт, технология ва инновациялар соҳасидаги узоқ муддатли тараққиёт стратегиясининг амалий ифодасидир. Зеро, бугун қўйилаётган ҳар бир тамал тоши, аввало, Ўзбекистоннинг эртанги иқтисодий қудрати, халқаро рақобатбардошлиги ва халқ фаровонлиги учун мустаҳкам пойдевор вазифасини бажаради.
Манзура Рустамова,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
Тошкент вилояти ҳудудий бўлинмаси мутахассиси,
ЎзА.