Бразилиядаги кучли ёғингарчилик қаҳва етиштиришга зарар етказмоқда
Бразилиядаги кучли ёғингарчилик сабаб юқори сифатли қаҳва танқислиги хавфи юзага келмоқда. Ушбу ўлкада кузатилган кучли ёғингарчилик ҳосилга жиддий зарар етказгани сабабли "premium" қаҳва ишлаб чиқарувчилари юқори сифатли донларни харид қилишда қийинчиликларга дуч келмоқда.
“Bloomberg” хабар беришича, Бразилия дунёда қаҳва ишлаб чиқаришнинг қарийб 45 фоизини таъминлайди. Арабика донлари асосан тоғли ҳудудларда етиштирилади ва ўзига хос таъми билан ажралиб туради.
Маҳаллий кооператив раҳбари Симау де Лиманинг таъкидлашича, кучли тропик ёмғирлар ҳосилнинг қарийб 20 фоизини дарахтлардан тўкиб юборган. Меъёрдагидан бир неча баравар кўп ёққан ёмғирлар нафақат ҳосилни йиғиб олиш жараёнини кечиктирган, балки донларнинг ортиқча намланиши ва ферментацияланишига олиб келиб, уларнинг сифатини пасайтирган.
Бунинг оқибатида хомашёда моғор ва ортиқча намлик билан боғлиқ касаллик аломатлари ҳам кузатилган. Ёғингарчиликнинг иккинчи тўлқини эса ҳосилга янада жиддий зарар етказган. Мутахассисларнинг огоҳлантиришича, сифатнинг пасайиши ва таъминотдаги муаммолар фонида АҚШ ҳамда Европадаги арабика қаҳва захиралари жорий асрдаги энг паст даражага тушиб кетиши мумкин.
Ф.Яхшибоева, ЎзА