Бозордаги тартиб — аҳоли саломатлиги кафолати
Жиззах вилоятининг Зарбдор туманидаги "Пшоғор" деҳқон бозорида ўтказилган навбатдаги профилактик рейд оддий текширув эмас, балки аҳоли саломатлигини асрашга қаратилган муҳим тадбир сифатида намоён бўлди. Зеро, бозор — кундалик эҳтиёжлар қондириладиган маскан бўлиши билан бирга, санитария ва хавфсизлик талабларига қатъий риоя этилишини талаб қиладиган жамоат жойидир.
Кенг қамровли рейд карантин тадбирларини таъминлаш гуруҳи ходимлари ҳамда ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими мутахассислари ҳамкорлигида ташкил этилди. Улар томонидан бозор ҳудудидаги савдо жараёнлари, озиқ-овқат маҳсулотларининг сақланиш ҳолати, санитария ва ветеринария талабларига мувофиқлиги атрофлича ўрганилди. Бу жараёнда фуқаролар учун яратилган шарт-шароитлар ҳам эътибордан четда қолмади.



Айниқса, гўшт ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сифат ва хавфсизлиги масаласига алоҳида урғу берилди. Савдога қўйилган маҳсулотларнинг ветеринария назоратидан ўтганлиги, уларнинг белгиланган тартибда сақланаётгани, истеъмолчилар учун хавфсизлиги синчковлик билан текширилди. Бу эса бозорда нафақат тартиб-интизом, балки инсон саломатлигига масъулиятли ёндашув устувор эканини кўрсатди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири