Божхонада ушлаб қолинган ноёб ашёлар узоқ ўтмишдан сўзлайди
Термиз археология музейида “Янги Ўзбекистонда янги имкониятлар: Ўзбекистон божхонаси – миллий меросимиз посбонлари” номли ҳисобот кўргазмаси очилди.
Минтақамиздаги ягона Термиз археология музейи ва Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган кўргазманинг тантанали очилиш маросимида олимлар, археологлар, соҳа вакиллари ва ёшлар иштирок этди.

Тадбирда Термиз археология музейи директори Шерзод Раджабов, вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Шоҳрўз Ўралов ва бошқалар мамлакатимизда аждодлардан мерос қолган моддий ва номоддий бойликларни авайлаб-асраб, келгуси авлодларга етказиш, илмий ўрганиш, бой тарихимиз ва маданиятимизни дунёга кенг тараннум этишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Бундай ноёб ашёларнинг ғайриқонуний хорижга чиқиб кетишининг олдини олишда сергак божхоначиларимизнинг хизматлари беқиёс экани қайд этилди. Бу жараёнда божхона органлари, музейлар ва соҳа мутахассисларининг ўзаро ҳамкорлиги ўз самараларини бераётгани ҳақида фикр алмашди.

Кўргазмадан божхоначилар ушлаб қолган турли даврга оид 256 та ўтмишда зарб бериб ясалган қимматбаҳо тангалар, зирак, узук, билакузук, медальон ва бошқа нафис тақинчоқ ҳамда буюмлар жой олган. Улардаги тасвир, ёзув ва безаклар қадимги аждодларимиз ҳаётидан маълумот берувчи муҳим манба бўлиб, нафис ҳунармандлик анъаналари, савдо алоқалари ва маданий турмушини намоён этади.

– Божхоначиларимизнинг ҳушёрлиги билан асраб қолинган ҳар бир тарихий буюм – илм-фан учун муҳим тадқиқот манбаи, – дейди вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Шоҳрўз Ўралов. – Музей учун қимматли экспонат, ёшлар учун ўтмишни англаш имконияти. Биргина ашё ортида ҳали ўқилмаган ёзув ёки очилмаган тарихий маълумот бўлиши мумкин.

Нодир кўргазмадан ўрин олган ашёлар божхона ходимларининг миллий меросимизни авайлаб-асраш ва муҳофаза қилишга қўшаётган улкан ҳиссасини намоён этиб, ёш авлод ҳамда чет эллик меҳмонларга тарихий бойликларимиз билан яқиндан танишишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири