Трансчегаравий сув ҳамкорлигини мустаҳкамлаш: Марказий Осиё дарё ҳавзасида сув мониторинги салоҳияти оширилмоқда
Сув ресурсларини ишончли ҳисобга олиш ва самарали ахборот алмашинуви умумий сув ресурслари, айниқса, трансчегаравий дарё ҳавзаларини бошқаришда муҳим аҳамиятга эга. Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳудудидан оқиб ўтувчи Исфара дарёси ҳавзасида эскирган кузатув ускуналари, техник салоҳиятнинг чеклангани ҳамда мамлакатларнинг сув хўжалигини бошқариш тизимларидаги фарқлар сувни аниқ ҳисобга олиш ва мувофиқлаштирилган бошқарувни таъминлашда қийинчиликлар туғдирмоқда.
Ушбу муаммоларни ҳал этиш учун замонавий мониторинг воситаларини жорий этиш, ташкилотларнинг салоҳиятини ошириш ва чегарадош мамлакатларнинг сув хўжалиги ташкилотлари ўртасида амалий ҳамкорликни ривожлантириш зарур.
Шу мақсадда Халқаро сув ресурсларини бошқариш институти 2026 йил 22–28 сентябрь кунлари Исфара дарёси ҳавзасига учинчи хизмат сафарини амалга оширди. Ташриф Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги томонидан молиялаштирилаётган “Blue Peace” дастури доирасида ташкил этилди.
Ташрифнинг асосий мақсади маҳаллий сув хўжалиги ташкилотларини замонавий сув ўлчаш ускуналари билан таъминлаш, уларнинг техник салоҳиятини ошириш ҳамда уч мамлакат ўртасидаги амалий ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат бўлди.
Чегарадош мамлакатларнинг сув хўжалиги ташкилотларини қўллаб-қувватлаш
Ташриф давомида лойиҳа жамоаси учта сув хўжалиги ташкилотига замонавий ускуналарни расман топширди. Жумладан, 24 сентябрь куни Тожикистоннинг Исфара шаҳридаги Давлат мелиорация ва ирригация бошқармасига, 25 сентябрь куни Қирғизистоннинг Боткен тумани сув хўжалиги бошқармасига ҳамда 28 сентябрь куни Ўзбекистоннинг Бешариқ тумани сув таъминоти хизматига ускуналар тақдим этилди.
Ҳар бир ташкилот сув сарфини ўлчаш учун кўчма электромагнит сарф ўлчагич, дала шароитида фойдаланишга мўлжалланган электр транспорт воситаси, стационар компьютер тўплами ва принтер билан таъминланди. Ушбу жиҳозлар сув сарфини ўлчаш, жойларда мониторинг олиб бориш, маълумотларни қайд этиш ва ҳисоботлар тайёрлаш имкониятларини яхшилашга хизмат қилади.

Кўчма сарф ўлчагичлар мутахассисларга каналлар ва гидрологик кузатув пунктлари каби турли жойларда сув сарфини ўлчаш имконини беради. Электр транспорт воситалари мониторинг объектларига етиб боришни осонлаштиради, компьютер ускуналари эса маълумотларни тизимли равишда сақлаш, қайта ишлаш ва ҳисоботларни тайёрлашга ёрдам беради.
Ускуналарни расмий топшириш маросимларида маҳаллий ҳокимият органлари, сув хўжалиги ташкилотлари, сув истеъмолчилари уюшмалари ва маҳаллий жамоалар вакиллари иштирок этди. Ташкилотлар ускуналарни расман қабул қилиб, улардан фойдаланиш ва уларни сақлаш учун масъул ходимларни белгилади.
Техник кўмакдан - ҳавза миқёсидаги ҳамкорлик сари
Ускуналар билан таъминлаш Исфара дарёси ҳавзасида сув мониторинги соҳасидаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш йўлидаги муҳим қадамлардан биридир. Ҳавзанинг айрим ҳудудларида сув ўлчаш ишлари ҳанузгача эски асбоблар ва эскирган ўлчов жадваллари асосида олиб борилмоқда. Бу эса янада ишончли ва ўзаро таққосланадиган гидрологик маълумотларга бўлган эҳтиёжни кўрсатади.
Уч мамлакатнинг сув хўжалиги ташкилотлари турли миллий меъёрий-ҳуқуқий тизимлар асосида фаолият юритса-да, улар ягона дарё ҳавзасидаги сув ресурсларини бошқариш бўйича умумий масъулиятга эга. Сувга оид изчил ва ишончли маълумотларни йиғиш имкониятларини кенгайтириш ахборот алмашинувини яхшилаш, сув тақсимоти бўйича асосли қарорлар қабул қилиш ва ҳамкорликда режалаштириш учун мустаҳкам замин яратади.
Июль ойида ўтказилган биринчи ташриф давомида дарё ҳавзасидаги вазият ўрганилиб, устувор эҳтиёжлар аниқланди. Август ойидаги иккинчи ташриф эса сув ресурслари ва сув хўжалиги инфратузилмасини жамоатчилик иштирокида мониторинг қилиш учун маҳаллий фаолларни тайёрлашга қаратилди.

Ушбу тадбирлар дастлабки баҳолаш ва манфаатдор томонлар билан мулоқот босқичидан амалий техник кўмак кўрсатиш ҳамда бутун ҳавза миқёсида режалаштиришга изчил ўтилаётганини кўрсатади.
Салоҳиятни ошириш ва келгусидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш
IWMI 2026 йилнинг октябрь–ноябрь ойларида Исфара, Боткен ва Бешариқдаги сув хўжалиги мутахассислари учун гидрометрия бўйича амалий ўқув машғулотларини ташкил этишни қўллаб-қувватлайди. Машғулотларда янги сарф ўлчагичлардан фойдаланиш, сув сарфини аниқ ўлчаш ва олинган натижаларни мавжуд ўлчов асбоблари кўрсаткичлари билан таққослашга алоҳида эътибор қаратилади.
Шунингдек, маҳаллий фаолларни жалб этган ҳолда жамоатчилик мониторинги давом эттирилади. Бу сув ресурсларини бошқариш жараёнларида маҳаллий аҳолининг иштирокини янада кучайтиришга хизмат қилади.
2026 йил 9 декабрь куни Қирғизистоннинг Боткен шаҳрида уч мамлакат сув хўжалиги ташкилотларининг қўшма техник учрашувини ўтказиш режалаштирилган. Унда амалий ҳамкорлик платформасини шакллантириш, маълумот алмашиш тартибларини белгилаш, давлат чегаралари яқинида жойлашган сув хўжалиги инфратузилмасини биргаликда кўздан кечириш масалаларини муҳокама қилиш ҳамда 2027 йил учун ҳавза миқёсидаги режалаштиришнинг устувор йўналишларини аниқлаш кўзда тутилган.

Мазкур саъй-ҳаракатлар дастурнинг узоқ муддатли мақсадларига, жумладан, дарё ҳавзасини бошқаришни режалаштиришни такомиллаштириш, инвестицияларни режалаштиришни қўллаб-қувватлаш ва минтақадаги сув хўжалиги ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга ҳисса қўшади.
Замонавий мониторинг ускуналарини жорий этиш, мутахассисларнинг техник салоҳиятини ошириш, маҳаллий жамоалар иштирокини кенгайтириш ва ташкилотлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш орқали дастур Исфара дарёси ҳавзасидаги умумий сув ресурсларини янада шаффоф, илмий маълумотларга асосланган ва барқарор бошқаришга кўмаклашишни мақсад қилган.
Нурилло НАСРИЕВ,
ЎзА