Ботир Зокировга бағишланган бадиий фильм лойиҳаси муҳокама қилинди
Маданият вазирининг биринчи ўринбосари — Кинематография агентлиги директори Жаҳонгир Аҳмедов Ўзбекистон халқ артисти, “Ялла” ансамбли бадиий раҳбари, устоз ижодкор Фаррух Зокиров билан учрашди.
Учрашувда Президентимиз Шавкат Мирзиёев топшириғи асосида яратилаётган буюк санъаткор Ботир Зокиров ҳаёти ва ижодига бағишланган бадиий фильм лойиҳаси муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, бундай фильмларни яратишга оддий кино лойиҳаси сифатида эмас, балки миллий киноимизнинг катта воқеаси ва халқаро миқёсдаги йирик лойиҳа сифатида ёндашиш зарур. Буюк шахсларимиз ҳақида фильм яратиш — катта масъулият. Унда юксак профессионализм, кучли драматургия, режиссура ва актёрлик маҳорати уйғунлашиши керак.
“Ботир Зокиров” фильми, аввало, халқимизга манзур бўладиган, шу билан бирга, халқаро томошабинлар эътирофига сазовор бўладиган катта ва сифатли миллий кино асари бўлиши керак.

Учрашувда фильмни айнан шу ёндашув асосида яратиш, Ботир Зокиров сиймосини муносиб акс эттириш ва унинг бой ижодий меросини келажак авлодларга етказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Устоз санъаткор Фаррух Зокиров халқимизнинг суюкли фарзанди, моҳир хонанда ва бастакор Ботир Зокиров ҳамда Зокировлар сулоласига кўрсатилаётган эътибор ва эҳтиром учун миннатдорлик билдирди.
Н.Усмонова, ЎзА