Маданият ва санъат таълими даргоҳларининг янги ўқув йилидаги вазифалари белгиланди
Ўзбекистон давлат консерваториясида Маданият вазирлиги тизимидаги таълим ташкилотларининг Республика кенгаши бўлиб ўтди.
Кенгаш йиғилишида маданият вазири Озодбек Назарбеков, маданият вазирининг биринчи ўринбосари Нодирбек Сайфуллаев, маданият вазири ўринбосари Санжар Бобожонов, Қорақалпоғистон Республикаси маданият вазири, Тошкент шаҳри ва вилоятлар маданият бошқармалари бошлиқлари, олий таълим ташкилотлари ректорлари, кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказлари, олий мактаблар, ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари, мактаб-интернатлари, болалар мусиқа ва санъат мактаблари директорлари ҳамда соҳа вакиллари иштирок этди.

Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси кенгаш иштирокчилари томонидан куйланди.

Маданият вазири Озодбек Назарбеков ушбу кенгаш миллий қадриятларимиз, замонавий технологиялар ва умуминсоний маданият уйғунлашаётган муҳим мулоқот майдони вазифасини ўташини эътироф этди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан маданият ва санъат таълимида янги давр бошланди, педагогларни рағбатлантириш, ёшлар учун кенг имкониятлар яратиш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Президентимизнинг яқинда қабул қилинган тегишли қарори ва фармони асосида соҳада қатор муҳим ўзгаришлар белгиланди. Жумладан, Республика мусиқа ва санъат ҳамда Карим Зарипов номидаги эстрада ва цирк техникумларига «Олий мактаб» мақоми берилиб, Маданият вазирлиги тизимига ўтказилди. Маданият ва санъат ходимларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти ўз фаолиятини бошлайди.

16 та ихтисослаштирилган мактабда янги ўқув йилидан бошлаб мусиқа йўналишига 5-синфдан, рақс, театр, халқ ижодиёти ва тасвирий санъат йўналишларига эса 9-синфдан ўқувчилар қабул қилинади. Шунингдек, ҳар бир вилоятда биттадан болалар мусиқа ва санъат мактаби янги давлат-хусусий шериклик тизими асосида фаолият юритади.
–Бугунги кунда мусиқа ва санъат таълими нафақат маънавий тарбия воситаси, балки халқимизнинг тарихий хотираси, шунингдек, замонавий креатив индустриянинг муҳим қисмига айланди. Рақамли технологиялар, мультимедиа ва сунъий интеллект эса бу жараённи бутунлай янги босқичга олиб чиқмоқда. Бугунги мунозаралар ва ўқув семинарлари соҳа учун янги имкониятлар эшигини очади, – деди Озодбек Назарбеков.
Қайд этилганидек, кенгаш якунида маданият ва санъат таълимини янада ривожлантиришга қаратилган Якуний резолюция қабул қилинади. Ушбу йиғилиш янги ўқув йилини сифатли ташкил этишда муҳим амалий майдон бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.

Шу билан бирга, маданият вазирининг биринчи ўринбосари Нодирбек Сайфуллаев ҳамда бошқа масъуллар томонидан Республика кенгаши давомида иштирокчиларга Маданият вазирлиги томонидан соҳада амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар ҳамда келгусидаги истиқболли режалар юзасидан батафсил маълумотлар тақдим этилди.
Шунингдек, олий таълим ташкилотлари, олий мактаблар, ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари ҳамда мактаб-интернатлари, болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўртасидаги узвий интеграцияни янада кучайтириш, тизимдаги мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимларига доир таклифлар муҳокама қилинди. Соҳадаги энг долзарб янгиликлар иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди.

Тадбир давомида давлат стипендиясига сазовор бўлган талабгорларга «Ботир Зокиров номидаги давлат стипендияси соҳиби» гувоҳномаси тантанали равишда топширилди. Шунингдек, 2025/2026 ўқув йилида юқори натижаларга эришган таълим ташкилотлари раҳбарларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Кенгаш доирасида давлатимиз раҳбари томонидан маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш, таълим ташкилотлари фаолияти самарадорлигини ошириш, таълим сифатини юксалтириш, педагог ходимларни моддий рағбатлантириш, бошқарув тизимини такомиллаштириш, хусусий сектор иштирокини кенгайтириш ҳамда ижодий бирлашмалар фаолиятини йўлга қўйишга қаратилган ислоҳотлар ва яратилаётган кенг имкониятлар эътироф этилди.

Куннинг иккинчи ярмида кенгаш иштирокчилари 4 та шўъбага бўлиниб, янги ўқув йилига пухта тайёргарлик кўриш, таълим сифати ва ўқув-тарбия жараёнини янада такомиллаштириш, иқтидорли ўқувчи ва талабалар билан ишлаш тизимини ривожлантириш, педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш ва малакасини ошириш жараёнларини самарали ташкил этиш, шунингдек, маданият ва санъат таълими соҳасига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини тушунтиришга бағишланган маърузалар тингланди.
Янги ўқув йилида таълим тизими сифатини ошириш, ижодий муҳитни мустаҳкамлаш, маданият ва санъат соҳасида замонавий ёндашувларни жорий этишга оид амалий чоралар белгиланди.
Бугунги кунда вазирлик тизимида 9 та олий таълим ташкилоти ва уларнинг филиаллари, 2 та кадрларни қайта тайёрлаш ва малака ошириш маркази, 3 та олий мактаб, 28 та ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаби ҳамда мактаб-интернати, 326 та болалар мусиқа ва санъат мактаби фаолият юритмоқда. Ушбу таълим ташкилотларида жами 105 минг нафардан ортиқ ўқувчи ва талабага 18 мингдан зиёд педагог ва профессор-ўқитувчи таълим бериб келмоқда.
Н.Усмонова, ЎзА