Бош прокуратуранинг «тез ёрдам» тамойили тадбиркорларга қандай ёрдам бермоқда?
Бош прокуратурада тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф этиш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Унда Президент Администрацияси масъул ходими, Бош прокуратуранинг тегишли тармоқ раҳбарлари, ҳудудий прокуратуралар, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда Мажбурий ижро бюросининг масъул ходимлари иштирок этди.
Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев бошқарган йиғилишда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Ушбу ислоҳотларнинг самарали амалга оширилишида прокуратура органлари зиммасига ҳам муҳим вазифалар юклатилган бўлиб, бу борада муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Таъкидланганидек, жорий йилда прокуратура органлари томонидан 21,5 минг нафар тадбиркорнинг муаммо ва таклифлари «Тез ёрдам» тамойили асосида ижобий ҳал этилди.
Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини асоссиз тўхтатиш, уларга нисбатан ноқонуний текширув ва тергов ҳаракатларини ўтказишга йўл қўймаслик, шунингдек, тадбиркорлик субъектларига нисбатан қонунчиликда белгиланган ҳақлилик презумпциясига қатъий риоя этиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Муҳокамалар якунида барча даражадаги прокурорларга тадбиркорларнинг муаммоларини бевосита жойларга чиққан ҳолда ўрганиш, бузилган ҳуқуқларини тиклаш, сунъий бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, экспортёр корхоналарни қўллаб-қувватлаш ҳамда инвестиция лойиҳаларининг ўз вақтида ишга туширилишини таъминлаш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини бузган ва уларнинг фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашган мансабдор шахсларга нисбатан қатъий чоралар кўриш лозимлиги қайд этилди.
Прокуратура органлари фаолияти самарадорлигини баҳолашда тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг тикланиши, мавжуд муаммоларнинг ҳал этилиши, инвестиция лойиҳаларининг ишга туширилиши ва янги иш ўринларининг яратилиши асосий мезонлар этиб белгиланди.
Н.Абдураимова, ЎзА