Тадбиркор замонавий таълим муассасалари ташкил этмоқда
Карманалик тадбиркор, халқ депутатлари Кармана туман Кенгаши депутати Юсуф Муродов ташаббуси билан “Кўҳна қўрғон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида давлат-хусусий шериклик асосида замонавий таълим муассасаларини ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Мазкур лойиҳа доирасида 220 ўринли замонавий умумтаълим мактаби ҳамда 180 ўринли мактабгача таълим ташкилоти барпо этилмоқда.
Умумий қиймати 14,2 миллиард сўмни ташкил этувчи лойиҳа “Шафоат” хусусий корхонаси томонидан амалга оширилмоқда.

Лойиҳага кўра, 180 ўринли мактабгача таълим ташкилотида замонавий ошхона, болалар ўйингоҳи ва ёпиқ бассейн ташкил этилади. Тарбияланувчиларга рус, инглиз ва хитой тилларини ўргатиш йўлга қўйилади. Шунингдек, 20 нафар боқувчисини йўқотган оила фарзандлари бепул таълим-тарбия билан қамраб олиниши ҳамда маҳалладаги 45 нафар фуқаро доимий иш ўрнига эга бўлиши кўзда тутилган.

220 ўринли замонавий мактабда эса 100 ўринли ётоқхона ва замонавий ошхона барпо этилади. Таълим жараёнига Финландиянинг илғор педагогик тажрибалари жорий этилиб, ўқувчиларга хорижий тиллар, дастурлаш, робототехника каби замонавий IT йўналишлари чуқурлаштирилган ҳолда ўргатилади. Мактабда 70 нафарга яқин олий маълумотли педагогни иш билан таъминлаш, 20 нафар боқувчисини йўқотган оила фарзандига бепул таълим бериш ҳамда ўқувчиларни нуфузли хорижий олий таълим муассасаларига тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш режалаштирилган.
А.Бўриев, ЎзА мухбири